Ҳукуматнинг 7 июндаги қарори билан «Ёшлар дафтари»ни юритиш орқали ёшлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Алишер Саъдуллаев маълум қилди.

Низомга кўра, «Ёшлар дафтари»га киритилган ва бошқа ёшлар учун қатор субсидиялар жорий этилди. Маблағлар туман (шаҳар) «Ёшлар дафтари» жамғармасидан молиялаштирилади.

Жумладан «Ёшлар дафтари»га киритилган ва моддий аҳволи оғир ёшларга бир марталик моддий ёрдам (БҲМнинг 4 бараваригача — 1 млн 200 минг сўмгача) берилади.

Шунингдек, дафтардаги ёшларни тадбиркорликка ва касб-ҳунарга ўқитиш учун сарфланган харажатларнинг 75 фоизигача қисми (бир ойгача БҲМнинг 4, бир ойдан икки ойгача БҲМнинг 8, икки ойдан ортиқ муддатли ўқув курслари учун БҲМнинг 12 бараваридан кўп бўлмаган қисми) қоплаб берилади.

Шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилган ёшларга қўйидагилар учун субсидиялар берилади:

  • уларнинг давлат ва нодавлат таълим ташкилотларида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув курси ҳаражатларини қоплаш учун БҲМнинг 4 бараваригача;
  • деҳқончилик ва томорқа ҳўжалигини юритиш билан шўғилланаётган ёшларга уруғлик ва кўчатлар харид қилиш учун БҲМнинг 8 бараваригача;
  • тадбиркорлик фаолияти ҳамда ўзини ўзи банд қилиш қилиш мақсадида нотурар жойнинг 12 ойгача ижара харажатларини кўпи билан бир йилда 30 фоиз, бироқ БҲМнинг 25 бараваригача бўлган қисмига;
  • тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ўзини ўзи банд қилиш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва меҳнат қуролларини харид қилишга БҲМнинг 40 бараваригача;
  • ёшларга замонавий касбларни эгаллаши, ахборот технологияларни ўрганиши ва уларни хорижий тилларга ўқитиш бўйича 6 ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 4 бараваригача;
  • илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги 6 ойгача муддатли ўқув курслари учун ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача;
  • илм-фан, спорт, санъат ва маданият йўналишларидаги олимпиада, танлов ва мусобақаларнинг маҳаллий босқичларида қатнашиш ҳаражатлари учун БҲМнинг 4 бараваригача ҳамда халқаро босқичларида қатнашиш харажатлари учун БҲМнинг 40 бараваригача миқдорда субсидиялар берилади.

Шунингдек, республикадаги профессионал (коллеж) ва олий таълим муассасаларида таълим олаётган, «Темир дафтар»га киритилган ёшларнинг тўлов-контракт суммасининг 50 фоизигача, аммо БҲМнинг 50 бараваридан ошмаган миқдори тўлаб берилади.

Бундан ташқари, «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ёш оилаларнинг ўқувчи фарзандлари учун бир календарь йилида бир маротаба мактаб формаси ҳамда ўқув қуроллари харажатлари қопланади.

Ёшларга таълим, маданият ва санъат, спорт, ахборот технологиялар соҳасига ва фанларни ўқитишга ихтисослашган нодавлат таълим ташкилотининг 3 ой муддатгача нотурар жой ижара харажатлари учун БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда қоплаб берилади.

Моддий аҳволи оғир бўлган 30 ёшдан ошмаган бемор фуқароларга мамлакатда ёки хорижий давлатларда даволаниш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун БҲМнинг 50 бараваригача субсидия берилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларнинг сафарбарлик чақируви резервидаги хизматни ўташ бадалини тўлиқ миқдорда қоплаш учун субсидия ажратилади.

Ёшларга янги турмуш қураётганда, ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриш учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратишга кафиллик берилади.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож ёш оилаларга 12 ойгача турар жой учун ижара компенсацияси ҳар ойда БҲМнинг 3 бараваридан ошмаган миқдорда ажратилади.