Пайшанба куни БМТ 2023−2024 йиллар учун Хавфсизлик кенгашининг доимий бўлмаган беш аъзосини сайлади.

Малта, Мозамбик, Швейцария, Эквадор ва Япония давлатлари БМТ Бош ассамблеясининг 76 сессияси делегатлари томонидан Хавфсизлик кенгашининг янги вақтинчалик аъзолари этиб сайландилар. Ушбу мамлакатлар вакиллари 2023−2024 йиллар давомида кенгаш ишида иштирок этади.

Янги сайланган мамлакатлар Хавфсизлик кенгашида ваколат муддати шу йил сўнггида ниҳоясига етадиган Ҳиндистон, Ирландия, Кения, Мексика ва Норвегия ўрнини эгаллайдилар.

Қайд этиш лозим, Хавфсизлик кенгаши 15 та давлатдан иборат бўлиб, улардан бештаси кенгашнинг доимий аъзолари ҳисобланади ва улар вето ҳуқуқига эга. Булар АҚШ, Буюк Британия, Россия, Франция ва Хитой. Кенгашнинг 10 нафар доимий бўлмаган аъзоси икки йиллик муддатга сайланади. Улардан бештаси ҳар йили алмаштирилади. Номзодлар бешта минтақавий гуруҳлар — Африка, Лотин Америкаси ва Кариб ҳавзаси, Шарқий Европа, Осиё-Тинч океани, Ғарбий Европа — томонидан илгари сурилади.

БМТ низомига кўра, Хавфсизлик кенгаши халқаро тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун асосий масъулиятни бўйнига олади. Кенгашга аъзо давлатлар қарорлари ташкилотнинг барча аъзолари учун мажбурий ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, 13 апрелда Ўзбекистон БМТ Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг Ривожланиш мақсадларида фан ва технологиялар масалалари бўйича комиссияси аъзоси этиб сайланган эди.