Ўзбекистонда дам олиш кунлари ҳарорат пасайиши, баъзи жойларда момақалдироқли қисқа муддатли ёмғир ёғиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Бугун, 10 июнда кун давомида ҳудуднинг катта қисми қуруқ ва бироз иссиқ бўлади. Фақат республиканинг шимолида, куннинг иккинчи ярмида Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузи ҳаво ҳарорати +34…+39 даража атрофида, жанубда баъзи жойларда +40…+42 даражагача бўлади.

11 июнь куни Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан бироз нам ва нисбатан салқин ҳаво кириб келади.

Шанба куни Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларида, 11−12 июнда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин.

Душанба куни эса фақат Тошкент вилоятида ва Фарғона водийси вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.

10−12 июнда республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги 17−22 м/с гача кучайиши кутилмоқда, чанг-тўзонлари кузатилиши мумкин.

Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 10−14 июнда вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлади, сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши эҳтимоли бор.

Кундузи ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва 12 июнга келиб +31…+33 даражани ташкил этади.