Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, январь-май ойларида Ўзбекистон бўйлаб жами 90 543 та никоҳ ҳолатлари қайд этилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6 373 тага кам.

1 июнь ҳолатига кўра, ФҲДЁ органлари томонидан қайд этилган никоҳлар сони:

  • эр ва хотин 30 ёшгача бўлганлар ўртасида — 71 817 тани;
  • эр ва хотин 50 ёшдан ошганлар ўртасида — 662 тани ташкил этди.

Ҳудудлар кесимида 30 ёшгача бўлганлар орасида никоҳ қайд этилиши бўйича энг юқори кўрсаткич Самарқанд вилоятига тўғри келди. Шунингдек, 50 ёшдан ошганлар ўртасида никоҳ қайд этилиши бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига тўғри келди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг никоҳини ФҲДЁга ариза берилганидан бир ой ўтиб расмийлаштириш тартибини бекор қилиш таклиф этилган эди. Унга кўра, янги таҳрирдаги Оила кодекси қабул қилинса, фуқаролар никоҳни тиббий кўрикдан сўнг қайд этишлари мумкин бўлади.

Шунингдек, президент қарори билан 2023 йил 1 июлдан никоҳланувчилар генетикларнинг хулосаси билан турмуш қуриши белгилаб қўйилди. Ҳужжатда қайд этилишича, фуқаролар репродуктив саломатлик марказлари орқали ўз ҳисобларидан молекуляр-генетик тестдан ўтишлари керак.