Ўзбекистонда Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институти ташкил этилди. Бу Шавкат Мирзиёев 9 июнда имзолаган қарорда кўзда тутилган.

Ўқув жараёни сентябрь ойидан бошланади. Институтда талабаларга иккита хорижий тил бўйича квалификация берилади.

Қайд этилишича, Наманган давлат чет тиллари институтига Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг бино ва иншоотлари, шунингдек, 1937 йилда қатағон қилинган жадид тилшуноси Исҳоқхон Ибратнинг Наманган давлат университети тизимидаги «Исҳоқхон Ибрат — Қатағон қурбонлари хотираси» музейи топширилди.

2023 йил январга қадар Институтга 1000 ўринли янги ўқув биноси ва 400 ўринли талабалар турар жойини қуриш учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ер участкаси ажратилади. 2025 йил январга қадар институтнинг 400 ўринли талабалар турар жойини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурилади.

Институтга бошқа ҳудудлардан жалб этилган профессор-ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида уй-жой ижараси учун компенсация тўланади.

Мутахассислик фанлари бўйича чет тилида дарс берадиган ҳамда миллий ёки тегишли халқаро миқёсда эътироф этилган камида C1 даражадаги сертификатга эга бўлган институт профессор-ўқитувчиларига ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида қўшимча ҳақ тўланади.

Қарорда белгиланишича, институт Президент таълим муассасалари агентлиги ҳузуридаги Исҳоқхон Ибрат ижод мактабининг таълим ҳамкорига айланади. Шунингдек, ижод мактаби ўқувчилари учун «Таржимонлар клуби» ташкил этади.

Наманган давлат институтида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ва гапириш кўникмаларини баҳолаш учун хорижий тиллар бўйича бакалавриатга кириш имтиҳонларида касбий (ижодий) имтиҳон ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Андижон давлат чет тиллар институти ташкил этилгади, муассасада ўқув жараёни 2022/2023 ўқув йилидан бошланиши белгиланган.