Навоийдаги кўп қаватли уйлар ҳамда мамлакатдаги барча ОТМларда қуёш панелларини ўрнатилади. Бу ҳақда жума кунги видеоселектор йиғилишда Шавкат Мирзиёев маълум қилди, деб хабар берди Шерзод Асадов.

Йиғилишда тизимни «Янги Ўзбекистон» массивларида қурилаётган 620 та кўп қаватли уй-жойларда жорий этиш масаласига тўхталиб ўтилди.

Таъкидланишича, Китоб тумани «Янгиобод» массивидаги жами 96 та хонадонга эга 4 та кўп қаватли уйда қуёш панелларини ўрнатиш ҳисобига йилига 100 минг кВт соат электр энергияси иқтисод қилинмоқда.

Бу тажрибани Навоийда барпо этиладиган 2 та «Янги Ўзбекистон» массивида жами 620 та хонадонли 26 та кўп қаватли уйлар, 8 та боғча, мактаб ва поликлиникада жорий қилиш режалаштирилган.

Уларда қуёш сув иситиш тизимлари ҳисобига 4 миллион киловатт соат электр иқтисод қилиш мумкин. Бу — йилига 2 миллиард сўм дегани.

Вилоят ҳокимларига «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида кўчаларни ёритиш учун фақат муқобил энергия ускуналари ўрнатишни назарда тутиш топширилди.

Бундан ташқари, Менделеев номидаги кимё-технология университетида 100 кВт қувватли қуёш электр ускунаси ўрнатилиб, йилига 200 минг кВт соат электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. 36 та сув иситиш қурилмасини ўрнатиш ҳисобига йилига 4,2 миллион кВт соат ёки қарийб 2 миллиард сўмлик электр энергияси тежалмоқда.

Олий таълим вазирлигига ушбу тажрибани барча олийгоҳларда 2022 йилнинг ўзида жорий қилиш топширилди.

Президент «вазирлик ва идора, ҳокимлик, маҳалла биноларини ҳам муқобил энергияга ўтказиш вақти келганини таъкидлади». Вазирлик ва идораларда электр ва иссиқлик энергияси харажатларини камида 25 фоизга қисқартириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Молия вазирлиги:

  • давлат идораларида энергия ресурслари истеъмоли бўйича нормативларни ишлаб чиқади;
  • йил якуни билан харажатларни камайтирмаган раҳбарларга нисбатан чора кўриш бўйича таклиф киритади;
  • хорижий консультантларни жалб қилиб, барча иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий объектларда Энергия тежамкорлик миллий дастурини ишлаб чиқади.