Дрифт ва дрэг-рейсинг уюштириш учун Тошкентнинг Бектемир тумани «Шоназар» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ер участкаси ажратилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари шаҳар кенгашининг 9 июндаги қарорида сўз боради.

Қарорга кўра, ажратиладиган ер участкаси аҳоли яшаш жойидан ташқарида жойлашиши лозим. Шунингдек, дрифт ва дрэг-рейсинг (текис трассада 402 метр масофага ўтказиладиган тезлик пойгаси) иштирокчиларининг хавфсиз ҳаракатланишига, уларнинг дрифт уюштириш учун ўзлари билан олиб келган автомототранспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказишлари учун шароит яратилишига эътибор қаратилади.

Бундан ташқари, томошабин сифатида келган шахсларга ҳам қулай шарт-шароит яратилади, хавфсизлик чоралари кўрилади.

Ҳудудга ташриф буюрувчиларнинг (хизмат кўрсатувчи, иштирокчи, томошабин ва ҳ.к.) шахсий автотранспорт воситалари учун автотураргоҳ, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ҳамда жиҳозланган тиббий ёрдам кўрсатиш станцияси учун мавжуд шарт-шароитлар яратилиши кутилмоқда.

Аввал Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани таркибига кирган «Шоназар» аҳоли пункти. Фото: Yandex.Maps.

Ер участкаси тендер асосида топширилади. Мазкур жараёнга давлат ва хусусий шерикчилик асосида хорижий инвесторлар жалб қилинади.

Апрель ойи охирида бу борадаги таклифни пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билдирган, уларга ҳаваскор даражасида қараш кераклигини айтган эди. Ҳозир ушбу қоидабузарлик учун 5−15 суткага қамаш жазоси қўлланилади. Ҳокимнинг фикрича, «ҳамма нарсага тақиқ қўйиш шарт эмас».