Айни вақтда Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодиёт тармоқлари, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларида қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Унда давлат раҳбари муқобил энергиядан фойдаланиш умуммиллий аҳамиятга эгалигини қайд этди ва муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини таъкидлади.

Бунда, аҳоли ва тадбиркорларга:

  • ўрнатилган қуёш ва шамол электр ускуналари учун қувватига қараб 15 миллион сўмгача, сув иситиш қурилмаси учун эса 2 миллион сўмгача компенсация тўланади;
  • ёки ускуна қийматини 3 йил ичида фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти яратилади.

Ушбу тизим Энергетика вазирлигининг махсус жамғармаси орқали жорий этилиши белгиланди.

Бундан ташқари, йиғилишда таъкидланишича, муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш истагида бўлган аҳоли ва тадбиркорлар бу имкониятлардан фойдаланиши учун бирон-бир идорага боришга мажбур бўлмайди. Барча ҳужжатлар ускуна харид қилинадиган жойнинг ўзида ҳал бўлади.

Бунинг учун:

  • жамғарма маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳамда ҳудудлардаги сотувчилар билан ҳамкорлик шартномаларини тузади;
  • ишлаб чиқарувчиларнинг аҳоли ва тадбиркорларга ускуналарни бўлиб-бўлиб тўлашга бериш харажатлари жамғарма томонидан қоплаб берилади;
  • жамғармага 100 млрд сўм ажратилади, ишлатишига қараб йил якунига қадар яна 100 млрд сўм берилади;
  • жамғарманинг электрон портали ишга туширилиб, барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилади.

Мутасаддиларга тизимни 1 сентябрдан амалиётга жорий қилиш топширилди.

Вилоят ҳокимлари олдига жорий йилда «дафтарлар»га кирган камида 5 мингта оилани, келгуси йилда яна 10 мингтасини сув иситиш қурилмаси билан таъминлаш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.