Президент Шавкат Мирзиёев жума кунги видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳа объектларида ҳам босқичма-босқич муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Мутасаддиларга келгуси йил Инвестиция дастури маблағларининг камида 15 фоизини шундай қурилмаларни ўрнатишга йўналтириш топширилди.

Бунда йил якунига қадар 2107 та боғчада, 1000 та мактабда, 1071 та оилавий шифокор пункти, поликлиника ва шифохоналарда, 1 минг маҳаллада ташкил этилаётган янги тиббиёт пунктларида, 200 та санаторий ва бошқа дам олиш масканларида қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилади.


Шу билан бирга, 2023 йилдан қуйидагиларга камида 25 фоиз иссиқ сув истеъмоли ва ташқи ёритишни муқобил энергия ҳисобидан қоплаш талаби киритилади:

  • савдо-кўнгилочар комплекслар, маданият ва истироҳат боғлари, ресторанлар, меҳмонхоналар;
  • супермаркетлар, дўконлар, бозорлар, савдо омборлари;
  • автомобилларга газ ва ёқилғи қуйиш станциялари;
  • аэропорт, темир йўл ва автобус вокзаллари;
  • хусусий таълим ва тиббиёт ташкилотлари;
  • тижорат банклари ва уларнинг филиаллари.

Аввалроқ, мазкур йиғилишда президент муқобил энергия ускунасини ўрнатган аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилишини маълум қилгани ҳақида ёзгандик. Унга кўра, қуёш ва шамол электр ускуналарини ўрнатганларга 15 млн сўмгача компенсация тўланади ёки 3 йилга фоизсиз муддатли тўлов имконияти яратилади.