9 июнь куни Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга 142 миллион долларлик имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.

Ушбу маблағлар мамлакатнинг турли ҳудудларида ландшафтлар барқарорлигини ошириш ва ўрмонларни қайта тиклашга, шунингдек, Ўзбекистоннинг трансчегаравий табиий зоналарни тиклаш бўйича Марказий Осиёдаги бошқа давлатлар билан ҳамкорлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи лойиҳани молиялаштиришга йўналтирилади.

Лойиҳа Жаҳон банкининг Марказий Осиёда ландшафтлар барқарорлигини таъминлаш дастурининг (RESILAND CA+) бир қисмидир. Унинг мақсади чўлланиш ва ер деградациясининг олдини олиш, шунингдек, иқлим ўзгариши оқибатларига тайёрлигини кўтариш орқали ландшафтларнинг барқарорлигини оширишдан иборат.

Лойиҳани амалга ошириш учун Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси (XTA) Ўзбекистон ҳукуматига паст фоиз ставкасида, қайтариш муддати 30 йил, шундан 5 йили имтиёзли давр бўлган молиялаштиришни тақдим этади.

Лойиҳа тадбирларини амалга оширишга траст фондлар томонидан қўшимча молиялаштириш ажратилади: Корея-Жаҳон банки ҳамкорлик фонди (3 миллион доллар) ва Барқарор ва чидамли ландшафтлар учун глобал ҳамкорлик (8 миллион доллар).

!Ўзбекистон — ўрмонлар майдони кам бўлган мамлакат. Ҳисобларга кўра, улар 3,68 миллион гектарни эгаллайди, бу мамлакатдаги барча ер майдонларининг 8,6 фоизига тўғри келади. Сўнгги 30 йил ичида ўрмонлар майдони чорвачиликнинг назоратсиз ривожланиши, турли соҳаларда фойдаланиш учун ёғочга бўлган талабнинг ортиши ва энергия манбалари жуда тақчил бўлган қишлоқ жойларида ёқилғи сифатида ишлатилиши, шунингдек, ўрмон ҳудудлари ҳисобидан суғориладиган деҳқончиликни кенгайтирилиши ҳисобига камайди. Ўрмонлар деградациясига сабаб бўлган яна бир омил иқлим ўзгариши бўлиб, бу ёнғинларнинг кўпайишига, зараркунандалар ҳужумига ва ўрмонларда дарахтлар касалликларининг ошишига олиб келди", — дейилади хабарда.

Маъқулланган лойиҳа Жаҳон банки гуруҳининг Ўзбекистон билан 2022−2026 йилларга мўлжалланган янги ҳамкорлик дастурида белгиланган мақсадларга эришишга хизмат қилади. Унинг доирасида ҳукуматга инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига ўтиш бўйича ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга оширишда ёрдам кўрсатилади.

Дастурнинг устувор йўналишларидан бири мамлакатнинг экологик барқарорлигини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришининг иқтисодиётга ва одамларнинг турмуш тарзига таъсир кўрсатадиган оқибатларига жавоб чораларини кўришга тайёр бўлишдир.

«Жаҳон банки томонидан молиялаштириладиган янги лойиҳа ҳукуматга 2020 йил октябрь ойида қабул қилинган 2030 йилгача Ўзбекистон ўрмон хўжалиги тизимини ривожлантириш концепцияси қоидаларини амалга оширишда ёрдам беради, — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли. — Ерлари деградацияга учраган ҳудудларда дарахт экиш тадбирлари орқали лойиҳа маҳаллий ландшафтларнинг барқарорлигини ошириш, озиқ-овқат тизимлари, одамлар ва инфратузилмаларнинг маҳсулдорлигини кўтариш ҳамда табиий ресурслардан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш зоналарида экотуризмни ривожлантириш асосида иш ўринлари ҳамда кичик ва ўрта бизнес корхоналарини ташкил этишга ёрдам беради»

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси лойиҳани, жумладан қуйидаги тадбирларни амалга ошириш учун жавобгардир:

  • Ўзбекистонда ўрмон плантациялари бўйича биринчи ягона маълумотлар базасини, шунингдек, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг замонавий ва самарали ташкилотга айлантириш имконини берадиган ахборот-коммуникация платформасини яратишга кўмаклашиш;
  • Мамлакатнинг турли минтақаларида деградацияга учраган ерларни тиклаш мақсадида ҳамда дарахтлардан кенг фойдаланган ҳолда (агро-ўрмончилик, ўрмон дарахтлари плантацияларини, мевали боғлар ва ўрмон-дашт тизимларини ривожлантириш каби) тадбирларни амалга ошириш, шунингдек, ушбу фаолият доирасида маҳаллий аҳолининг қисқа муддатли бандлигини таъминлаш;
  • Табиий ресурслардан самаралироқ фойдаланадиган кичик ва ўрта корхоналарни ривожлантириш учун фермерларга молиявий ва ўқув хизматларини кўрсатиш.

Бундан ташқари, қўмита муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ва ўрмон қўриқхоналарини янада самарали бошқаришга, шунингдек, улар негизида барқарор экотуризмни ривожлантиришга кўмаклашади.

Лойиҳа доирасида ушбу мақсадлар учун уларнинг ҳудудларида зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича ишлар молиялаштирилади. Хусусан, асосий инфратузилма, ташриф буюрувчилар учун марказлар, туристик ва маъмурий объектлар, кемпинглар, пикник ва бошқа дам олиш фаолияти учун майдончалар, сайёҳлар учун йўлак тизимлари ва бошқаларни қурилади.

«Бугунги кунда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги дастури ташкилотнинг Туркиядан кейин Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг йирик амалиётидир. У умумий қиймати қарийб 5,4 миллиард АҚШ доллари бўлган 29 та лойиҳадан иборат», — дейилади баёнотда.

Улар макроиқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, сув ресурслари, ирригация ва дренаж тизимларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти, энергетика, транспорт, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмаси, миллий инновация тизими, солиқ маъмуриятчилиги ва статистика органларини ривожлантириш каби муҳим соҳаларда ҳукуматни қўллаб-қувватламоқда. Ҳукумат томонидан Жаҳон банки молиявий иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар, шунингдек, COVID-19 пандемиясининг фуқаролар саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатишга хизмат қилмоқда.