Президент Шавкат Мирзиёев 8 июнь куни Сурхондарё вилоятидаги сув омборларини модернизация қилиш ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, 2017 йилда ташкил этилган «Ўзбекгидроэнерго» АЖ томонидан хорижий компанияларни жалб этган ҳолда «ҳар бир сув омборининг техник ҳолати ўрганилиб, зарур таъмирлаш тадбирлари бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Корхона мутахассислари тўғонлар, сув олиш ва дренаж иншоотларини мустаҳкамлаш, насос агрегатларини тиклаш ишларини олиб бормоқда.

Ўтган йили яна 4 та сув омбори ушбу жамият бошқарувига ўтказилди ва улар 6 тага етди.

Президент барча сув омборларини модернизация қилиш, гидромеханик ускуналар ва ўлчаш воситаларини янгилаш, шунингдек, тизимни рақамлаштириш орқали уларнинг хавфсизлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Бу орқали ҳамма иш жараёни компаниянинг ситуацион-таҳлил марказига онлайн уланади ҳамда йилига қўшимча 120 миллион киловатт соат электр ишлаб чиқариш имконияти яратилади.

Ҳисорак ва Оҳангарон сув омборларида йиллик 22 миллион киловатт соат қувватли 2 та янги кичик ГЭС қурилиши режалаштирилган.

Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигига сув омборлари ҳолатини мониторинг қилиб, космик сурат ва маълумотлар билан таъминлаш топширилди. Бундан ташқари, хусусий секторни кичик гидроэлектр станциялари қурилишига жалб этиш, олий маълумотли ва ўрта бўғинли кадрлар тайёрлаш вазифалари белгиланди.

Йиғилишда аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланишини яхшилашга алоҳида эътибор қаратилди. Сурхондарё вилоятида аҳолининг атиги 58 фоизи марказлаштирилган ичимлик сувидан фойдалана олади. Вилоятнинг жанубий туманлари ва маъмурий маркази Термиз шаҳрида сувнинг минерализацияси даражаси юқорилиги таъкидланди.

Президент ўтган йили Тўпаланг сув омборидан тармоқ тортиш ташаббусини илгари сурган эди. Бу бўйича лойиҳа ишлаб чиқилиб, ишга киришилди. Бугунги кунда 47 километр қувур тортилиб, ичимлик суви Сариосиё марказигача олиб борилди. Йил якунигача сув қувурини Денов ва Шўрчи туманларига етказиш режалаштирилган.

Лойиҳага кўра, бир кеча-кундузда 200 минг куб метр сув тозалаш иншооти, қарийб 400 км магистрал қувур тортилади. Натижада ҳудуд аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш 90 фоизга етади.

Давлат раҳбари туман ва маҳаллалар ичидаги қувурларни ҳам тиклаш, янги тармоқлар қуриш ва сифатли хизматни йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.