Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Қушбеги даҳасида яшовчи Хитой фуқароси 36 ёшли Т.В.нинг яшаётган хонадонга ўғри тушди, деб хабар берди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

Воқеа 31 май куни соат тахминан 08:30 лар атрофида содир бўлган.

Гумондорлар хонадон ётоқхонасидаги шкафга ўрнатилган ва ичида 265 000 АҚШ доллари бўлган темир сейфни олиб, ҳодиса жойидан яширинган.


Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарой тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодекснинг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида мазкур жиноятни Сурхандарё вилоятида яшовчи 24 ёшли Ж.М., Р.Л., 19 ёшли Н.Ж., Б.М., 20 ёшли О.О. ва 23 ёшли Т.А.лар содир этканлиги аниқланди, дейилади хабарда.


Таъкидланишича, улардан жами 246 000 доллар, 9 млн 771 минг сўм, 100 евро ҳамда мазкур пулларга сотиб олинган бир дона iPhone 13 телефон аппарати ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда юқоридаги шахсларнинг ҳар бирига ЖКнинг 169-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан айб эълон қилинди. Эҳтиёт чораси сифатида «қамоққа олиш» қўлланилган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.