9 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев ва Япония бош вазири Фумио Кисиданинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқотда кўп қиррали Ўзбекистон-Япония ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва кенгайтиришга доир, шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида ўзаро савдо ҳажми ортиб бораётгани — жорий йил бошидан товар айирбошлаш кўрсаткичлари икки баробарга ошгани таъкидланди.

«Япония етакчи компанияларининг иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри инвестициялари кўпаймоқда, иқтисодиётнинг юқори технологик тармоқларида кўплаб янги қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Энергетика қувватларини модернизация қилиш ва кенгайтириш, саноатда, шу жумладан машинасозлик ва кимё тармоқларида замонавий ишлаб чиқаришларни яратиш, меҳмонхоналар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича биргаликда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Пойтахтда Япониянинг биринчи рақамли университети фаолият юритмоқда», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари Япония бош вазири ва ҳукуматига янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани учун самимий миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Япониянинг JICA агентлиги ва Халқаро ҳамкорлик банки — JABIC доирасида кўрсатилган молиявий ва молиявий-техник кўмак ҳажми 7 миллиард доллардан ошгани таъкидланди.

Мамлакат етакчилари Осака шаҳрида ўтказиладиган «ЭКСПО-2025» бутунжаҳон кўргазмасида Ўзбекистоннинг кенг миқёсли экспозициясини ташкил этишга келишиб олдилар.

Япония бош вазири мамлакат БМТ Хавфсизлик кенгашига доимий аъзо бўлиши, Корея ярим оролини ядровий қуролдан холи ҳудудга айлантириш ва ўғирланган япон фуқароларини қайтариш масалаларида Ўзбекистон муттасил қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Телефондаги суҳбатда «Марказий Осиё + Япония» мулоқоти доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг бутун салоҳиятини ишга солишдан иккала томон ҳам манфаатдор экани қайд этилди.

Мулоқот якунида Шавкат Мирзиёев бош вазир Фумио Кисидани Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф қилди.