Давлат хавфсизлик хизмати республиканинг тўртта ҳудудда гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйди, деб хабар бермоқда ташкилот матбуот хизмати.

Самарқанд вилоятидаги ҳолатда ҳудудни Навоий вилояти билан боғловчи «Самарқанд» мунтазам ЙПХ масканида Иштихон туманида яшовчи (1982 й.т.) шахс бошқарувидаги «Nexia» тўхтатилиб, текширувдан ўтказилган.

Натижада машинанинг салон қисмида 2 кг 27 грамм «опий» моддаси борлиги аниқланган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Аниқланишича, у наркотик моддани Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келиб, Хоразм вилоятига олиб кетаётган бўлган.

Бошқа бир ҳолатда эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан кўп босқичли тезкор тадбир ўтказилди.

Дастлаб Самарқанд шаҳридаги «Чўпон ота» ЙПХ масканида тўхтатилган автомашинада бекободлик 1982 ва 1996 йилларда туғилган икки нафар фуқаронинг ёнидан 984 грамм «гашиш» моддаси топилган ва тегишли тартибда расмийлаштирилган.

Булунғур туманидаги «Юқори нуқта» ЙПХ масканида эса уларнинг шериги қўлга тушган. Бекобод шаҳрида яшовчи муқаддам 3 марта судланган 27 ёшли шахснинг «Nexia» машинасида 989 грамм «гашиш» моддасини олиб кетаётгани аниқланган.

Мазкур моддаларни Тожикистондан олиб келиб, сотилишини йўлга қўйган яна бир бекободлик 1995 йилда туғилган гуруҳ ташкилотчиси ҳам Самарқанд вилоятида ушланган.

Бундан ташқари, ДХХ Фарғона водийсида ҳам хориждан келтирилган гиёҳвандлик воситалари реализациясига чек қўйди.

Фарғона вилоятининг Қува туманида яшовчи (1991 й.т.) муқаддам судланган фуқаро сотиш учун ўзининг тенгдоши андижонлик фуқарога 1 кг 986 грамм «гашиш» моддасини берган вақтида, уларнинг иккаласи ҳам қўлга олинган.

Гиёҳванд моддалар қирғизистонлик фуқародан 5 минг АҚШ долларига сотиб олинган ва айланма йўллар орқали Қува туманига олиб келингани айтилмоқда.

Шунингдек, Бешариқ туманида яшовчи, 1984 йилда туғилган шахс тожикистонлик наркосавдогардан 5 минг АҚШ долларига 940 грамм «опий»ни сотиб олган. Уни контрабанда йўли билан Қўқонга олиб келиб, 1977 ва 1979 йилларда туғилган, муқаддам судланган 2 нафар харидорга сотаётган вақтида уларнинг барчаси қўлга олинган.

Қўқон шаҳридаги бошқа бир ҳолатда эса 1987 йилда туғилган муқаддам судланган шахс 826 дона «Регапен» ва 80 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситаларини 2 минг АҚШ долларига сотаётган пайтида ушланган.

Наманганда ДХХ ва божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Наманган-Тошкент» йўналишида ҳаракатланаётган «Нексия» русумли автомашина Поп туманидаги «Наманган» мунтазам ЙПХ масканида тўхтатилган.

Автомашина текширилганда пойтахтда яшайдиган 33 ёшли йўловчи ёнида 2237 дона «Регапен», 400 дона «Селофен» ва 300 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.

Воситалар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган. Аниқланишича, қирғизистонлик фуқаро томонидан давлат чегарасидан айланма йўллар орқали Учқўрғон тумани ҳудудига ўтказиб берилган ушбу дори воситалари Тошкент шаҳрида сотилиши режалаштирилган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.