Ёз мавсумида болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш тадбирлари учун жами 100 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда ХТВ матбуот котиби Лайло Рустамова маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, болаларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш учун Халқ таълими вазирлиги ҳузурида «Ёз-2022» штаби ташкил этилди. Жами 4683 нафар педагог кадрлар 205 та стационар оромгоҳларда болалар билан ишлаши учун махсус ўқув дастурлари асосида ўқитилди.

«Жорий йилги ёз мавсумида жами 1131 та оромгоҳ (205 та стационар ва 926 та соғломлаштириш майдончалари) фаолият кўрсатади. Уларда 297 мингдан нафардан зиёд болалар дам олдирилиши режалаштирилган. Мавсум давомида болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш тадбирлари учун жами 100 млрд сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади», — деди Лайло Рустамова.

8 июнь ҳолатига 533 та таълим муассасасида соғломлаштириш майдончалари ташкил этилгани ва уларда 47 840 нафар бола дам олаётгани қўшимча қилинди.

Вазирликнинг маълум қилишича, соғломлаштириш майдончаларда ўқувчиларнинг ёзги таътилини мароқли ташкил этиш учун:

  • 5278 нафар меҳнат таътилида бўлмаган педагог ва ходимлар жалб қилинган. Уларда турли ривожлантирувчи компьютер ўйинлари, тасвирий санъат, ментал арифметика каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилди;
  • кинозаллар ташкил этилиб, болаларга мўлжалланган энг қизиқарли кино ва мультфильмлар намойиш этилмоқда;
  • 5 та муҳим ташаббус доирасида кўрик-танлов, фестиваль ва тадбирлар ўтказилмоқда;
  • болалар учун сунъий сузиш ҳавзалари ҳам ташкил этилган.

Бундан ташқари ёз мавсумида 5 та муҳум ташаббус доирасида 20 дан ортиқ кўрик-танлов, фестивал ва спорт мусобақалари ўтказилиб, уларга 1,2 млн нафардан ортиқ ўқувчилар жалб этилади.

Болаларнинг интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топиши учун Республика «Болалар кутубхонаси» томонидан 10 дан ортиқ фестиваль ва кўрик-танловлар ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Оромгоҳларга 123 минг дона болалар адабиётлари етказиб берилган ва kitob.uz платформасидан адабиётларнинг электрон ва аудио шаклларидан фойдаланиш бўйича шароитлар яратилди, дея қўшимча қилди Лайло Рустамова.

Шунингдек, Ўзбекистон «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти томонидан «5 ташаббус — спорт билан» шиори остида стритбол, кураш ҳамда «Қувноқ стартлар» спорт мусобақалари ташкил этилади. 217 та «Баркамол авлод» болалар мактаблари ва 13 та «Болалар кутубхоналари»нинг фаолияти алоҳида режа асосида йўлга қўйилади.

Жумладан «Баркамол авлод» болалар мактабларида мактабдан ташқари қўшимча таълим бериш жараёнини ташкил этиш учун 7 йўналишда 65 номдаги тўгараклар фаолият олиб боради. Уларда Ҳунармандчилик ва қўл меҳнати йўналиши, Жисмоний тарбия ва спорт йўналиши, Маданият ва санъат йўналиши, Техника, конструкторлик ва моделлаштириш, Туризм ва экология йўналиши ҳамда Хорижий тиллар йўналишлари бўйича қатор ўқув дастурлари ишлаб чиқилгани айтилмоқда.

Бундан ташқари болаларни ёз мавсумида бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларга яхши кайфият улашиш мақсадида жорий йилнинг июнь-август ойлари давомида «Баркамол авлод» болалар мактабларида «Таътил __ БАРКАМОЛ билан» шиори остида кўрик-танлов ва мусобақалар бўлиб ўтади.

Ҳозирда халқ таълими тизимида 217 та «Баркамол авлод» болалар мактаблари бор, улардаги мавжуд 9033 та тўгаракларга 260 минг нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар қатнашган.