9 июнь куни «Тошкент» аэропортида ҳаво кемасининг қўниши пайтида юзага келган фавқулодда вазиятни бартараф этиш бўйича тактик-махсус ўқув машғулотлари ўтказилди, дея хабар қилди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.

Афсонага кўра, қўниш жараёнида самолётнинг олд шассиси ишдан чиқади ва натижада ёнғин бошланади. Самолёт бортида 75 йўловчи, экипаж аъзолари ва 10 кг хавфли юк бор. Аэропорт диспетчери учувчидан шассининг носозлиги ҳақидаги сигналини олгач, барча хизматларни хабардор қилади. Аэропорт ва Ягона авиация қидирув-қутқарув хизмати ходимлари зудлик билан учиш-қўниш майдонига етиб боришади.

«Уюштирилган фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этишга аэропортнинг 13 та хизмати — 117 ходим, 47 та техника ва Ту-154 ўқув самолёти жалб этилди. Шифокорлар ва қутқарувчилар ярадорларни эвакуация қилишди, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишди, ўт ўчирувчилар ёнғинни ўчиришди, радиация ва кимёвий ҳимоя бўлими хавфли юкларни туширишди. Аеропорт ходимлари эса шартли йўловчилар. Ҳар бир кишига ўз „роли“ ва фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун маълум вақт ажратилган. Ҳамма нарса имкон қадар ишонарли кўриниши керак», — дейилади Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарида.

Машғулотлар авиаҳалокат содир бўлган тақдирда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Тошкент аэропорти бўлинмаларининг идоралараро ўзаро ҳамкорлигини амалий синовдан ўтказиш, шунингдек, аэропортдаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда кадрлар тайёргарлигини ошириш мақсадида ўтказилди.

Фото