Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани ва Чирчиқ шаҳрида икки киши поезд уриб кетиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Milliy» телеканалининг информацион дастурида маъум қилинди.

Ўртачирчиқ туманидаги воқеа «Тараққиёт» МФЙ ҳудудида тахминан эрталабки соат 6:20 рўй берган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, марҳум эрталаб далага ишлаш учун кетаётган бўлган. 25 ёшли фуқаронинг эшитиш ва кўриш қобилиятида нуқсони бўлган, у темир йўлни кесиб ўтаётганида поезд уриб юборган.

ИИВ ТХТББ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси катта инспектори Машраб Раззоқовнинг таъкидлашича, поезд «Термиз-Андижон» йўналишида ҳаракатланаётган йўловчи поезди бўлган.

Шифокор Кан Лилиянинг маълум қилишича, вафот этган шахс кўз ва қулоқнинг туғма патологияси ташхиси билан рўйхатда турган.

Бундан ташқари, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги ҳолатда 20 ёшли фуқаро вафот этди.

Воқеа «Миралишер» МФЙ ҳудудида соат тахминан 9:30 ларда содир бўлган. Одамларнинг сўзларига кўра, ўсмир темрйўлдан велосипед ёрдамида ўтмоқчи бўлганида электровоз уриб юборган. Бунинг оқибатида ўсмир салкам 15−20 метр масофага учиб кетган.

Тошкент вилояти Чирчиқ темир йўл бекатида хавфсизликни таъминлаш бўлинмасининг профилактика инспектори Жонибек Намозовнинг маълум қилишича, 2002 йилда тўғилган ўсмир йигит велосипедни бошқараётган пайтида қўл телефонидан фойдаланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил бошида ҳам Ўртачирчиқ туманида «Тўйтепа-Озодлик» йўналишида ҳаракатлаётган юк поезди 26 ёшли фуқарони уриб кетиши натижасида у воқеа жойида вафот этган эди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, у қулоқчин тақиб, мол боқаётган бўлган.