Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури (БМТТД), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (ИТКҚВ) ҳамда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Оролбўйи минтақасидаги инфратузилмани бошқариш бўйича қишлоқ аҳолисининг салоҳиятини мустаҳкамлашга қаратилган янги қўшма ташаббусга старт берди. Бу ҳақда «Газете.uz»га БМТТД матбуот хизмати хабар берди.

БМТТДнинг ушбу лойиҳаси Ислом тараққиёт банки (ИТБ) ва OPEK (OPEC Fund) халқаро ривожланиш фонди томонидан молиялаштириладиган Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларини барқарор ривожлантириш бўйича янада кенгроқ инвестиция лойиҳасининг бир қисмидир. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 5 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Маблағ Оролбўйи ҳудудига кирувчи, жумладан, экологик инқирозга кўпроқ мойил бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий ва Бухоро вилоятларини қамраб олади.

БМТТДнинг янги лойиҳасининг умумий мақсади мақбул яшил ва энергия тежамкор ҳамда рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда маҳаллий ҳамжамиятларни, архитекторлар, муҳандислар, маҳаллий ҳокимият органлари ва бошқа манфаатдор томонларнинг имкониятларини кенгайтириш ва салоҳиятларини кучайтиришдан иборат.

Лойиҳа доирасида, шунингдек, иқтисодий, операцион ва экологик барқарорликка қаратилган барқарор ривожланиш жиҳатларига жавоб берадиган такомиллаштирилган муҳандислик лойиҳалари ва бош режаларни ишлаб чиқиш учун маҳаллий архитектуравий лойиҳалаш институтлари ва ҳудудий архитектура ва қурилиш бошқармалари вакилларини ўқитиш режалаштирилган.

Бундан ташқари, лойиҳа рақамлаштириш, инновацион IT-ечимларини, шу жумладан рақамли инфратузилма ва қурилиш, архитектуравий лойиҳалаш ва давлат хизматларини тақдим этиш соҳалари салоҳиятини кенгайтиришга хизмат қиладиган ахборот тизимларини ишлаб чиқиш орқали, маҳаллий бошқарув механизмини кучайтириш ҳамда қишлоқ жойларини ривожлантириш дастурлари ва ташаббусларини режалаштириш ва амалга оширишда жамоатчилик иштирокини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўзда тутади.

Умуман олганда, БМТТД томонидан амалга ошириладиган янги лойиҳа ҳамжамиятларга қурилиш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун асос бўладиган жамоаларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш орқали ривожланиш, эҳтиёжлар устуворлигини белгилаш имконини беради.

Шунингдек, қурилиш ва архитектуравий режалаштиришда яшил ва инновацион технологияларни жорий этиш янги замонавий талабларга жавоб берадиган ва айни пайтда энергиядан оқилона фойдаланиш имконини берувчи инфратузилма обектларини қуриш имконини беради.

Сув ва энергия тежамкор, янги қишлоқ хўжалиги технологиялари, паст GIP (глобал исиш потенциали)га эга бўлган озон учун хавфсиз технологияларни турли соҳаларда/турли мақсадлар учун мувозанатга риоя қилган ҳолда татбиқ этиш бўйича ишлар амалга оширилади.

«Ушбу лойиҳа Оролбўйи аҳолисининг турмуш фаолиятини яхшилаш ва қишлоқ аҳолиси учун ресурслар ва хизматлардан муносиб фойдаланишни таъминлашга қаратилган аниқ қарорларни амалга ошириш борасида ҳукумат, Ислом тараққиёт банки ва БМТТД саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун ажойиб имконият бўлади», — дея таъкидлайди БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска.

Аввалроқ, президент Шавкат Мирзиёев шаҳарларнинг бош режаси йўқлигини танқид қилгани ҳақида ёзгандик. «Очиқ айтиш керак, шаҳарларнинг бош режасини ишлаб чиқишни давлат лойиҳа институтлари „монополия“ қилиб олган», — деганди у.