Ўзбекистонда олий ўқув юртлари талабаларининг ётоқхона билан таъминланганлик даражаси 2021 йили 41 фоизгача етказилди. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов сешанба куни Олий Мажлис палатасининг навбатдаги мажлисида маълум қилди.

«Ётоқхона билан таъминланганлик 28% бўлиб турган бир вақтда талабалар сони уч баробар кўпайди. Бундан муаммонинг ўзи 3 баробарга кўпайди, дейиш мумкин», — деди Абдуқодир Тошқулов.

2020 йилда ётоқхонага муҳтож талабаларнинг атиги 28 фоизи жой билан таъминланган, 149 минг нафар талабанинг ётоқхона бўлган эҳтиёж қондирилмаган.

Турар жойни оптималлаштириш ва икки қаватли каравот сотиб олиш орқали ўтган йили 228 та ётоқхонадаги мавжуд 60 мингга яқин ўринга қўшимча равишда 20 мингта ўринлар яратилди, деди у.

Вазирнинг таъкидлашича, Олий таълим вазирлиги ётоқхоналар фонди бўйича ўрганиш ўтказган ва кўп ҳолларда улар шифтлари паст бўлган эски бинолар эканлиги аниқланган. Икки қаватли каравотларни ўрнатиш хонанинг хусусиятлари, улардаги ҳавони вентиляция қилиш масалалари ва бинолардаги бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилган.

«Агар ётоқхонада битта жой қуриш 54 млн сўм бўлса, икки қаватли каравот ўрнатиш билан мавжуд бинода бир жой ташкил қилиш учун бор-йўғи 3,5 млн сўм керак бўлади», — дея ҳисоб-китобларни келтириб ўтди Абдуқодир Тошқулов.

Вазирнинг маълум қилишича, ОЎМТВ ҳамда ОТМларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ҳамда Давлат-хусусий шериклик ва ижара асосида 11,4 мингга яқин қўшимча ўринлар талабалар учун ташкил этилди.

Шунингдек, у ётоқхона нафақат ухлаш жойи, балки ўқув зали, дам олиш маскани, спорт майдончаси ва бошқалардан ҳам иборат эканлигини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев 4 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Андижон, Самарқанд ва Тошкент шаҳридан ташқари бошқа ҳудудларда талабалар учун ётоқхона қуриш ишлари бошланмаганини танқид қилган эди. Қолаверса, ижарада турувчи талабаларга субсидия бериш учун ректорларга ўтган 2 ойда 24 млрд сўм берилгани, бироқ, атиги 5 млрд сўм ишлатилгани айтилди. «Бир ой ичида ўзгариш қилмаган ҳудуд раҳбари ва олийгоҳ ректори ишдан олинади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат статистика қўмитаси 2021 йилда 2020−2021 ўқув йили бошида Ўзбекистонда фаолият юритаётган олий таълим муассасалари сони 127 тани ташкил этгани, уларнинг 88 тасида талабалар учун ётоқхоналар мавжудлигини маълум қилган эди. Унга кўра, Энг кўп ётоқхона Тошкент шаҳрида жойлашган бўлиб, жами 31 тани ташкил қилади.