Ҳукуматнинг 7 июнь куни [304-сонли] қарори билан қимматли қоғозлар билан шуғулланувчиларни аттестациядан (қайта аттестациядан) ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Регламентга кўра, қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи малака сертификати ДХМ ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали берилади. Давлат хизмати сертификатни бериш, қайта расмийлаштириш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уни бекор қилиш каби вазифаларни ўз ичига олади. ️Сертификат талабгорларга 5 йил амал қилиш муддати билан берилади. Унинг муддати тугагаса 30 кундан кечиктирмасдан мажбурий аттестациядан ўтиш керак.

Сертификат олиш учун БҲМнинг 1 баравари (300 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Агар ЯИДХП орқали олинса, бу миқдор 270 минг сўм бўлади.

Регламент талаблари қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларида, Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси, фонд биржалари ва валюта биржаларининг фонд бўлимларида ишлашга талабгор бўлган ёки ишлаётган ҳамда олий маълумотга эга жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилади.

Қуйидаги шахслар қимматли қоғозлар бозори мутахассисининг малакаси сертификатини олиш учун аттестациядан ўтишлари шарт:

  • қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг ижро органи раҳбарлари, марказий депозитарий ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари, фонд биржаларнинг ижро органи ва унинг тузилмавий бўлинмалари раҳбарлари ва валюта биржаларининг фонд бўлими раҳбарлари;
  • қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга оширишда иштирок этувчи, хизматлар кўрсатувчи ва (ёки) қимматли қоғозлар бозорида ишларни бажарувчи қимматли қоғозлар бозори профессионал иштирокчиларининг, марказий депозитарийнинг қимматли қоғозлар билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи бўлимларининг, фонд биржасининг ва валюта биржалари фонд бўлимларининг мутахассислари.