Шавкат Мирзиёевнинг 6 июндаги [ПҚ-271-сон] қарори билан махсус иқтисодий зоналарни ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари — газ, электр энергияси, сув ва канализация тармоқлари билан таъминлаш бўйича мақсадли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Аввалроқ давлат раҳбари саноат зоналарининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, уларнинг 37 фоизида электр энергияси, газ, сув ва канализация йўқлигини танқид қилганди.

27 май куни президент раислигида бўлиб ўтган йиғилишда саноат соҳаси раҳбарлари кичик саноат зоналарининг бош режалари ишлаб чиқилмагани, лойиҳаларни амалга оширишда сусткашликка йўл қўйилаётгани, тўқимачилик ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жорий эта олмаётгани каби камчиликлар муҳокама қилинди. Оқава сувларни тозалаш иншоотларининг йўқлиги, саноат зоналарининг учдан бир қисмидан кўпроғини электр энергияси, газ, канализация ва йўлларнинг йўқлиги, ер ва биноларга эгалик қилиш масалалари ҳал этилмагани қайд этилди.

Йиғилишда шунингдек, саноат зоналарида 6600 гектарлик бўш ер майдони электр энергияси, сув, йўл ва бошқа шарт-шароитлар билан таъминланиши, бунинг учун 1,5 триллион сўм сарфланиши таъкидланганди.

6 июндаги қарор билан 2022 йилда ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини эркин иқтисодий зоналари (ЭИЗ), кичик саноат зоналари (КСЗ), ёшлар саноат ва ишбилармонлик зоналарига тўғридан тўғри хорижий ва маҳаллий инвестициялар иштирокида улашнинг умумлаштирилган параметрлари тасдиқланди.

Шунингдек, жорий йилда ҳудудларда қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган 363,29 гектар майдонда 104 та янги КСЗ ташкил этиш режалаштирилган. 2023 йилда ва ундан кейин яна 100 та кичик саноат зоналарини қуриш режалаштирилган.

КСЗ бош режалари лойиҳаларини ишлаб чиқиш маҳаллий бюджет ва тадбиркорлик инфратузилмасини ривожлантириш ҳудудий жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади. Объектларни молиялаштириш етказиб берувчи ташкилотлар томонидан тақдим этилган техник шартлар асосида КСЗ учун бош режалар ишлаб чиқилгандан сўнг амалга оширилади.