Россиялик сайёҳ Полина Ермаковадан мусодара қилинган дрон Ўзбекистон Мудофаа вазирлигига топширилади. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод туман судининг қарорида (нусхаси «Газета.uz»да мавжуд) бу ҳақда сўз боради.

«Газета.uz» Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтганидан бир неча кун ўтиб дрон олиб келган сайёҳ пойтахтда қўлга олингани ҳақида ёзган эди. Суд уни оқлади. Суд қарорида Полина Ермакова «биринчи марта катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган жиноятни содир этгани, чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги, жиноятнинг фош этилишига фаол ҳисса қўшгани» қайд этилган.

Судя Сардор Содиқов ўз қарори билан сайёҳга нисбатан Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси 5-қисми 1-банди билан айбдорлиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмасдан жиноят ишини ҳамда муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхатга қўл қўйиш эҳтиёт чорасини бекор қилди.

Ашёвий далил — DJI Mavic Air 2 учувчисиз учиш аппарати, масофадан бошқариш пульти, қувватлаш ускунаси, аккумулятор суд қарори билан давлат фойдасига мусодара қилиниб, Мудофаа вазирлигига топширилиши белгиланди.

Полина Ермакова 2000 долларлик дрон унга Янги йил совғаси сифатида тортиқ қилинганини айтди.

«Қарорда айтилишича, энди у Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги манфаати учун парвоз қилади. Дрон билан [Ўзбекистонга келган] ҳамма йигитларда ҳам худди шундай бўлди. Улар ҳаммани мамлакатга киритдилар, аниқки, уларни сумкаларда кўришди, кейин уларни олиб кетишди. Бундан Ўзбекистоннинг дрон сотиб олишга қурби етмайди, демак, туристлар ҳисобидан «етказиб бериш»ни ташкил қилиш мумкин, деган фикр келиб чиқадими?» — деди Полина Ермакова Россиянинг Ngs24.ru нашрига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, унга дрон билан мамлакатга киришига рухсат берган чегарачилар жавобгарликка тортилиши ҳақида маълум қилинган, бироқ у бу иш бўйича тергов жараёни қандай кечаётганидан хабари йўқ.

Шунингдек, у Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси бу вазиятда унга ёрдам бермаганини таъкидлади, бироқ дипломатик миссия турист учун имкон даражасида ҳаракат қилганини таъкидламоқда.