Футбол бўйича U23 Осиё кубоги 3-тури доирасида Ўзбекистон олимпия жамоаси Қаршида Эрон билан ўйнади.

Ўзбекистонликлар 1-турда Туркманистон олимпиячиларини, 2-турда Қатар U23 жамоасини мағлуб этиб, Осиё кубоги чорак финалига йўл олган эди. Шу боисдан Темур Кападзе 3-тур ўйинида иккинчи таркибни майдонга ташлади ва асосий таркиб ўйинчиларига дам берди.

Учрашувнинг биринчи бўлимида Эрон U23 футболчиларида бир қатор имкониятлар бўлди, бироқ форслар вазиятлардан унумли фойдалана олишгани йўқ. Ўзбекистонлик футболчилар 22-дақиқага келиб, Отабек Жўрақўзиевнинг голи эвазига олдинга чиқиб олишди — 1:0.

Иккинчи бўлимнинг 62-дақиқасида эса Ориён Юсуфий ҳисобни тенглаштирди — 1:1. Учрашув якунига қадар ҳисоб ўзгармади.

Натижада Ўзбекистон U23 жамоаси «А» гуруҳида 7 очко тўплаб, 1-ўрин билан чоракфиналга йўлланмани қўлга киритди. Ўзбекистон жамоаси 11 июнь куни Ироқ футболчиларига қарши майдонга тушади.

Шунингдек, «А» гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган Туркманистон олимпиячилари кейинги босқичда «B» гуруҳи ғолиби Австралия U23 жамоаси билан беллашадиган бўлди.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон олимпия жамоаси гуруҳдан чиқиш вазифасини муддатдан аввал бажарганига қарамасдан Қаршидаги «Марказий» стадиони мухлислар билан тўлди. Шу куни аренага 19 876 нафар томошабин йиғилиб, ўйингоҳда сўнгги декадаги рекорд кузатилди.

Фото




Фото: Ўзбекистон футбол ассоциацияси.