7 июнь куни соат 07:42 да Turkish Airlines авиакомпанияси самолёти Бухоро аэропортига келиб қўнди, дея хабар қилди Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати. Шу муносабат билан аэропортда тантанали тадбир ташкил этилди.

Авиакомпания томонидан Истанбул — Бухоро — Истанбул йўналишида мунтазам авиақатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари бажарилади.

Ҳозирда Ўзбекистон ва Туркия шаҳарлари ўртасида амалга оширилаётган мунтазам авиақатновлар сони 56 тага етди.

Хусусан, Uzbekistan Airways ҳамда Turkish Airlines томонидан паритет асосида Тошкент — Истанбул — Тошкент йўналишида ҳафтасига 17 тадан, Урганч — Истанбул — Урганч йўналишида ҳафтасига 2 тадан, Самарқанд -Истанбул — Самарқанд йўналишида ҳафтасига 4 тадан, Фарғона — Истанбул -Фарғона йўналишида ҳафтасига 3 тадан ва Бухоро — Истанбул — Бухоро йўналишида ҳафтасига 2 тадан мунтазам қатновлар амалга оширилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 15 майдан бошлаб Uzbekistan Airways авиакомпанияси Бухоро — Истанбул — Бухоро янги халқаро йўналиши бўйича мунтазам авиақатновларни йўлга қўйгани ҳақида хабар қилган эдик.