ТДПУ собиқ декан ўринбосари талабани зўрлашга уринганликда айбланиб, унга нисбатан жиноят иши қўғатилганди. Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар беришича, мазкур иш бўйича суд якунланган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг октябрида Тошкент давлат педагогика университетида декан ўринбосари ўз хонасида 3 курс талабасига тегажоғлик қилгани айтилганди. Қиз қаршилик кўрсатгандан сўнг декан муовини уни деразадан итариб юборади ва қиз тушиб кетганди. Шу йилнинг март ойи охирларида прокуратура ТДПУ касбий таълим факультетининг собиқ декан ўринбосари Боғабек Юлдашевга нисбатан жиноят ишини судга юборди.

7 июнь куни Яккасарой туман суди судьяси Т. Касимов раислигида кўриб чиқилган жиноят иши бўйича суд ҳукми ўқилди.

Унга кўра, Боғабек Юлдашев Жиноят кодексининг 25,118-моддаси 1-қисмида (Номусга тегиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилди. Унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (реабилитация учун ассолар) 2-бандига асосан реабилитация қилинди.

Шунга қарамасдан, Боғабек Юлдашев Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топилди. Суд унга 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Тайинланган жазо манзил-колонияларда ўтаттирилиши белгиланди.

Шунингдек манфаатдор шахсларга мулкий ундирув масаласида фуқаролик суд иш юритуви тартибида мурожаат қилиш лозимлиги тушунтирилди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчи, жабрланувчи ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди, дейилади хабарда.