Спортни ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги 279 та болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва уларнинг филиаллари негизида 254 та спорт мактаби, 56 та ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари негизида эса 56 та ихтисослаштирилган спорт мактаби ташкил этилди.

Бу президентнинг 6 июндаги «Давлат спорт-таълим муассасалари фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида қайд этилган.

Спортни ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан бирга 2 ой муддатда спорт мактаблари ва ихтисослаштирилган спорт мактабларининг намунавий штат меъёрларини тасдиқлайди. Бунда, спорт мактабларининг алоҳида спорт иншоотлари учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича штат бирликлари тўлиқ ажратилади.

Мактабларга қабул ва тайёрлов тизими

Спорт мактабларига 4 ёшдан 30 ёшгача бўлган спорт билан мунтазам шуғулланиш ва келгусида профессионал спортчи бўлиш мақсадидаги болалар ва ёшлар қабул қилинади.

«Беш ташаббус олимпиадаси» доирасида ўтказилган оммавий спорт мусобақаларида ғолиб ва совриндор бўлган ёшлар, шунингдек, 4−6 ёшли болалар спорт турларидан келиб чиқиб уларнинг антропометрик кўрсаткичлари асосида дастлаб спорт мактабининг спорт-соғломлаштириш гуруҳида олимпия спорт турлари ёки миллий кураш бўйича ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш ва ҳаракат фаоллиги танқислигини тўлдириш учун саккиз ойгача бепул шуғулланади.

Спорт-соғломлаштириш гуруҳида шуғулланган ёшлар аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларидан ўтказилади, ушбу синовлардан муваффақиятли ўтган ўқувчилар спорт мактабининг бошланғич тайёргарлик гуруҳига қабул қилинади. Бу гуруҳда ёшлар базавий тайёргарликка эга бўлиш ва кейинчалик ихтисослашиш учун спортнинг муайян турини танлайди ва уч йилгача шуғулланади.

Бошланғич тайёргарлик гуруҳида шуғулланган ва камида ўсмирлар учун учинчи спорт разрядига эга бўлган болалар спорт мактабининг ўқув-машқ гуруҳига ўтказилади. Ушбу гуруҳда болалар ихтисослашув ва спортнинг танланган тури бўйича чуқурлаштирилган машқлар асосида беш йилгача шуғулланади.

Ўқув-машқ гуруҳида шуғулланган ва камида учинчи ёки иккинчи спорт разрядига эга бўлган болалар спорт мактабининг спортда камолотга эришиш гуруҳига ўтказилади. Ушбу гуруҳда болалар уч йилгача муддат давомида спорт маҳоратини такомиллаштириш билан шуғулланади.

Спортда камолотга эришиш гуруҳида шуғулланган ва камида Ўзбекистон спорт усталигига ёки Ўзбекистон гроссмейстерлигига номзод спорт разрядига эга бўлган болалар спорт мактабининг олий спорт маҳорати гуруҳига ўтказилади. Ушбу гуруҳда болалар уч йил ва ундан ортиқ муддат давомида спортда шахсий имкониятларини намоён қилиш билан шуғулланади.

Спорт мактабининг спорт-соғломлаштириш ва бошланғич тайёргарлик гуруҳларида тайёргарликдан ўтган, профессионал спортга салоҳияти бор ўқувчилари ихтисослаштирилган спорт мактабининг тегишли йўналишига (спортнинг ўйин турлари ва енгил атлетика, сув спорти турлари, якка кураш ва гимнастика) ўқишга қабул қилинади.

Спортни ривожлантириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда мазкур банд талабларидан келиб чиқиб Давлат бюджетидан молиялаштириладиган спорт мактаблари тўғрисидаги низомнинг янги таҳририни ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб:

  • аҳолиси 200 мингдан юқори бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 20 та олимпия спорт турлари;
  • аҳолиси 150 мингдан 200 минггача бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 15 та олимпия спорт турлари;
  • аҳолиси 150 минггача бўлган туман (шаҳар)лардаги спорт мактабларида камида 10 та олимпия спорт турлари бўйича спортчилар тайёрланади.

Спорт мактаблари контингенти фақат Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган (бундан миллий кураш ҳамда алоҳида Ҳукумат қарорлари билан белгиланган спорт турлари мустасно) спорт турлари бўйича шакллантирилади. Бунда ҳар бир спорт мактаби ва ихтисослаштирилган спорт мактабига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган 2 та ноолимпия спорт турлари бўйича спортчиларни тайёрлашга рухсат берилади.

Спорт мактабларидаги Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурларига киритилмаган (миллий кураш ҳамда алоҳида Ҳукумат қарорлари билан белгиланган спорт турлари бундан мустасно) ноолимпия спорт турлари бўйича мавжуд спорт секциялари фаолияти спорт клублари қошида ривожлантирилади.

Спорт мактаблари тренерларига ноолимпия спорт турлари бўйича, шунингдек, аҳолининг жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш тизими бўйича спорт синовларидан кейинги босқичларга ўта олмаган ўқувчилар учун олимпия спорт турлари бўйича пуллик асосда тўгараклар ташкил этишга рухсат берилади. Бунда спорт мактабларида пуллик асосда кўрсатиладиган хизматлардан тушадиган маблағларнинг бир қисми улар тренерларига қўшимча ҳақ сифатида йўналтирилади. «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган оилаларнинг фарзандларига спорт мактабларида машғулотлар бепул ўтказилади.

Молиялаштириш ва мусобақалар

2023 йилдан бошлаб ҳар йили қўшимча равишда республика бюджетидан:

  • спорт мактабларининг тиббиёт хоналарини замонавий асбоб-ускуналар, дори-дармон ва тикланиш воситалари билан жиҳозлашга — 10 миллиард сўм;
  • спорт мактаблари учун замонавий ўқув адабиётларини чоп этиш ва харид қилишга — 2 миллиард сўм;
  • вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақаларида иштирок этадиган спорт мактаблари шуғулланувчиларини (терма жамоаларини) махсус спорт кийимлари (экипировкалар) билан таъминлашга — 23 миллиард сўм ажратилади.

Бундан ташқари, Молия вазирлиги республика бюджетидан бир ой муддатда туман (шаҳар)ларнинг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режаларидаги спорт тадбирларини молиялаштириш учун 55 миллиард сўм ажратилишини таъминлайди ва 2023 йилдан бошлаб ҳар йили ушбу маблағларни Давлат бюджети параметрларида назарда тутади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари жойларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда аҳоли ўртасида спорт мусобақалари, спорт акциялари, ҳаваскорлик чемпионатларини тизимли ташкил этиш чораларини кўради.

Ҳудудий, туман ва шаҳарларнинг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасида назарда тутилган мусобақаларни ўтказиш, ушбу мусобақаларда ўқувчи-спортчилар иштирокини таъминлаш учун ушбу тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар маҳаллий бюджетлари ва уларнинг қўшимча манбалари ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилишини таъминлайди.

Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасида назарда тутилган барча спорт турлари бўйича Ўзбекистон чемпионати ва кубоги мусобақаларида ҳудудий терма жамоалар иштирокини таъминлайди.

Ҳар ойда камида бир марта спорт мактабларида ва уларнинг спорт иншоотларида ҳамда жисмоний тарбия, спорт марказлари ва клубларида «очиқ эшиклар» кунларини ташкил этишни анъанага айлантиради.

Спорт федерация (ассоциация)ларининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда ноолимпия спорт турлари бўйича фаолият кўрсатаётган спорт клублари фаолиятини янада ривожлантириш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чораларини кўради.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шароитлар яратсин ҳамда ушбу муассасаларни махсус спорт жиҳозлари билан таъминлайди.

Спорт мактабларини бошқариш ва самарадорлигини таҳлил қилишда жамоатчиликнинг иштирокини таъминлаш чораларини кўради.

Бундан ташқари, Тошкент вилояти ҳокимлиги 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Тошкент вилояти гимнастикага ихтисослаштирилган спорт мактаби фаолиятини йўлга қўяди.