Президент Шавкат Мирзиёев 7 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида вилоят ҳокимлари олдига тегишли идора ва ташкилотлар билан бирга сервис ва хизмат кўрсатиш объектларида яратилган доимий янги иш ўринларини ярим йил якуни билан 300 мингтага, йил якунига қадар эса яна 800 мингтага етказиш вазифасини қўйди, дея хабар қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Бу кўрсаткичларни уддалаш мумкинлиги Бухоро вилояти мисолида тушунтирилди. Мисол учун, Бухоро шаҳридаги тадбиркорлар эски шаҳардаги меҳмонхона, ошхона, савдо дўконларининг том қисмида ресторан ва кафетерийлар ташкил этган.

Давлат раҳбари шу каби шаҳарнинг 8 та марказий кўчасида жойлашган давлат ташкилотларининг 50 га яқин биноларининг 1-қаватида 100 дан зиёд ресторан ва кафетерийлар, сервис жойларини ташкил этиш имкони мавжудлигини таъкидлади.

Вилоят ҳокимларига Бухоро тажрибасини 28 та шаҳар, барча туман марказлари ҳамда пойтахт туманларида жорий қилиш топширилди.

Иқтисодий тараққиёт вазирлигига республика бўйича давлат идораларининг балансидаги, йўл бўйларида жойлашган
4 мингга яқин маъмурий биноларидан сервис соҳасида самарали фойдаланиш бўйича дастур ишлаб чиқишга кўрсатма берилди.

Шунингдек, президент кўчма ва енгил конструкцияли савдо фаолияти учун талабларни соддалаштириш вазифасини қўйди.

Жумладан, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, маҳалла, ободонлаштириш ва йўл ташкилотларига ўз ер майдонларида мавсумий кафе ва савдо нуқталарини ташкил этишга рухсат берилади. Бунда, кўчма савдо объектларини иш куни якунлангач, кўчириш бўйича мажбурий талаб бекор қилиниб, тадбиркорларга мобиль контейнерлар ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

2017 йилда бозорларни реконструкция қилиш ва замонавий савдо комплексларини қуриш дастури қабул қилинган эди. Лекин Зангиота, Қибрай, Оҳангарон, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик, Чортоқ, Хатирчи ва Нуротада бозорлардаги аҳвол, уларнинг санитарияси ва архитектурасидан одамлар норози экани қайд этилди.

Беш йиллик тажрибадан келиб чиқиб, бозорларни ривожлантириш дастурини, шунингдек, маданият ва истироҳат боғларида сервисни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.