Ўзбекистон президенти 6 июнь куни «Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни президент сайтида эълон қилинди.

Қарор билан Паралимпиячиларнинг матонат мактаби ташкил этилмоқда.

Матонат мактаби Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳолда ташкил қилинади. Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Матонат мактабига раҳбарлик қилади.

Матонат мактаби Тошкент шаҳри, Бешёғоч кўчаси, 126-уй манзилида жойлашган Бокс федерацияси биносида жойлаштирилади.

Тошкент шаҳри, Абдулла Қодирий кўчасида (метрога яқин ҳудудда) жойлашган пиёдалар юриш ва дам олиш масканида Паралимпиячилар боғи ташкил этилади. Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган бекатларидан бирига «Паралимпия ҳаракати» номи берилади. Матонат мактаби бўйича Ўзбекистон тажрибасини дунё мамлакатларига тарғиб этиш мақсадида 2023 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба Тошкент шаҳрида «Паралимпиячилар матонати» халқаро форуми ўтказилади.

Қуйидагилар Матонат мактабининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

а) ёшлар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш соҳасида:

  • таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ҳамда маҳалларда ёшлар билан учрашувлар ташкил этиб, паралимпиячиларнинг ўз ҳаёт йўлларида қийинчиликларни қандай енгиб ўтганликлари ҳақида суҳбатлар ўтказиш;
  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшларда ҳалоллик, виждонийлик, ватанпарварлик, садоқат, фидокорлик сингари шахс сифатларини, шунингдек, миллий ғурур туйғуларини шакллантиришга кўмаклашиш;
  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшлар ижтимоий ҳаётининг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат органлари ва ташкилотларига таклиф ва тавсиялар киритиш;
  • она Ватанимиз шуҳратини дунёга тараннум этиш билан боғлиқ энг муҳим тушунчалар, ҳаётий ва профессионал кўникмаларни илм-маърифат асосида ёшларнинг қалби ва онгига сингдириб бориш;
  • ёшларга юқори натижаларга эришган шахсларни ўрнак қилиб кўрсатиш орқали уларни матонатли этиб тарбиялаш, шу мақсадда илмий-амалий анжуманлар, савол-жавоб, китобхонлик кечалари, машҳур кишилар билан учрашувлар ташкил этиш;
  • ёшларда қадимий тарихимиз ва маданиятимиз билан, жонажон Ватанимизнинг мустақиллиги ва равнақи йўлида фидокорона курашган миллий қаҳрамонларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб бўлиш туйғусини шакллантиришга кўмаклашиш;

б) ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш соҳасида:

  • ўсиб келаётган ёш авлодни паралимпия спорт турларига жалб этиш, уларни «Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари» ғояси атрофида бирлаштиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, ёшлар ўртасида махсус таълим муассасаларида ҳамда маҳаллаларда жисмоний тарбия ва спорт тадбирларини ўтказишда қатнашиш;
  • иқтидорли ёшларни танлаб олиш, уларни параспорт турларига йўналтириш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятда муносиб ўрин эгаллашларини рағбатлантириш;
  • ёшларнинг халқаро параспорт тадбирлари ва мусобақалари, форум ва конференциялардаги иштирокини таъминлашга кўмаклашиш.

Матонат мактаби фаолиятини молиялаштириш манбалари бўлиб Давлат бюджети маблағлари ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Матонат мактабининг ташкил этилиши муносабати билан Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига қўшимча 2 та штат бирлиги ажратилади.

Матонат мактабига ҳудудларга бориб келиш ва тадбирларда иштирок этиш учун 1 та енгил автомобиль, 1 та автобусни харид қилиш учун маблағлар ва уларни сақлаш учун лимит ажратилади.

Матонат мактабининг ёшлар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг қўлга киритган ютуқлари, уларнинг ибратли ҳаёт тарзини тарғиб қилиш соҳасидаги фаолияти Мудофаа вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Матонат мактабининг ёшларни параспорт турларига кенг жалб қилиш соҳасидаги фаолияти Спортни ривожлантириш вазирлиги томонидан мувофиқлаштирилади.

Ҳар йили 1 декабрга қадар Паралимпиячиларнинг матонат мактаби фаолиятини самарали йўлга қўйиш ва паралимпия спорт турларини янада ривожлантириш бўйича республика кенгаши таркибига киритилган вазирлик, идора, ҳокимликлар ва жамоат ташкилотлари тегишли намуна бўйича ишлаб чиқилган келгуси йил давомида амалга ошириладиган чора-тадбирлар режасини Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига тақдим этади.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси Мудофаа вазирлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда чора-тадбирлар режаларини Матонат мактабининг асосий вазифалари, мазкур қарорнинг 5-бандида кўзда тутилган йўналишлар, шунингдек, бошқа долзарб масалаларни ҳисобга олган ҳолда умумлаштиради ҳамда комплекс режа лойиҳасини тайёрлайди.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ҳар йили 20 декабрга қадар комплекс режа лойиҳасини кўриб чиқиш ва тасдиқлаш учун, шунингдек, қабул қилинган комплекс режанинг ижроси бўйича йиғма ахборотни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Республика кенгаши (унга бош вазир Абдулла Арипов раҳбарлик қилади):

  • вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар ва бошқа ташкилотларнинг мазкур қарорда белгиланган вазифалар ижроси ҳақидаги ҳисоботларини эшитади;
  • Кенгаш йиғилишида комплекс режа лойиҳасини кўриб чиқади ва ҳар йили 1 февралга қадар тасдиқлайди;
  • Матонат мактаби фаолиятини самарали ташкил этишда барча вазирлик, идора, ҳокимлик ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

Мудофаа вазирлиги қуйидагиларни амалга оширади:

  • ёшларнинг, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг онгу тафаккурига Ватан ҳимояси шарафли ва муқаддас бурч эканини, миллий армиямиз билан фахрланиш, давлат хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун масъулият туйғусини чуқур сингдириш;
  • ёшларга мамлакатимизнинг мудофаа салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун ва моҳиятини тизимли равишда етказиш ҳамда дунёда содир бўлаётган глобаллашув жараёнларига нисбатан уларда онгли муносабат ва фаол ҳаётий позицияни шакллантириш, бурчга садоқат, масъулият, фидойиликни ошириш;
  • ёшларнинг, шу жумладан, паралимпиячиларнинг ҳарбий қисмларга экскурсиялар ва кўргазмали ташрифларини ташкил этиш;
  • Ватан озодлиги йўлида қаҳрамонлик кўрсатган буюк аждодларимиз ва жасур замондошларимизнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш асосида ёшларда «Янги Ўзбекистон — янги ғалабалар сари» деган ҳаётий эътиқодни қарор топтириш.

Миллий гвардия қуйидагиларни амалга оширади:

  • терроризмга қарши курашишда ҳамда террорчилик ҳаракатларининг оқибатларини бартараф этишда иштирок этиб, мардонавор ҳалок бўлган аскарларнинг ибратли ҳаётини кенг тарғиб этиш;
  • ёшларнинг, шу жумладан, паралимпиячиларнинг Темурбеклар мактаблари, олий ҳарбий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг махсус гуруҳлари ва ҳарбий қисмларга экскурсиялар ва кўргазмали ташрифларини ташкил этиш;
  • «Мард ўғлон» давлат мукофотига сазовор бўлган юртдошларимиз билан учрашувлар ўтказиш, улар эришган ютуқ ва натижаларни ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш;
  • «Темурбек ворислари» ҳарбий-спорт ўйинларини босқичма-босқич ташкил этиш, уларга жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жалб қилиш;

Кинематография агентлиги қуйидагиларни амалга оширади:

  • ёшларга мўлжалланган бадиий, мультипликацион ва қисқа метражли фильмлар ишлаб чиқарилишини кенгайтириш;
  • ёшларнинг мамлакатда амалга оширилаётган сиёсий, илмий ва ижтимоий ислоҳотлардаги иштирокини акс эттирадиган ва дахлдорлик туйғусини шакллантирадиган турли жанр ва мавзуларда фильмлар яратиш;
  • ёшларнинг спортга кириб келишидан бошлаб уларнинг юқори натижаларга эришиш йўли, нуфузли мусобақалардаги иштироки ва бугунги кундаги ҳаёти тўғрисида қисқа метражли бадиий ва ҳужжатли фильмлар, видеороликлар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш;
  • ёшлар ҳаёти, уларнинг орзу-интилишлари, ўй-ҳавасларини ифодаловчи фильмлар ишлаб чиқарилишини ташкил этиш;
  • тайёрланган фильмларни ёшлар орасида кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш чораларини кўриш;

Ёшлар ишлари агентлиги қуйидагиларни амалга оширади:

  • ёшларда, хусусан уюшмаган ёшларда тарихий хотира, миллий ғурур ва ўзликни англаш, рўй бераётган воқеаларга дахлдорлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш;
  • ёшларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг замонавий касбларни эгаллашга бўлган интилишини қўллаб-қувватлаш;
  • истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, улар ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқаришлари учун шарт-шароитлар яратиш;
  • ёшлар, хусусан уюшмаган ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи маданиятини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга кенг жалб қилиш;
  • ёшларни, хусусан уюшмаган ёшларни диний-экстремистик ва бошқа бузғунчи ташкилотлар таъсиридан, четдан «оммавий маданият» ниқоби остида кириб келаётган салбий таъсир ва таҳдидлардан асраш;

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қуйидагиларни амалга оширади:

  • катта истеъдод ва юксак фуқаролик позициясига эга бўлган кекса авлод вакилларининг ижодий салоҳияти ва маҳоратидан ёшларни кенг баҳраманд этиш;
  • ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш;
  • мумтоз адабиётимизни, буюк намояндаларнинг асарларини ёшларга янада яқинлаштириш;
  • ёшлар, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар билан «Дўрмон», «Паркент» ва «Зомин» ижод уйларида таниқли ёзувчилар, шоирлар иштирокидаги учрашувларни ташкил этиш;
  • маҳаллалар, таълим муассасаларида ёшлар, шу жумладан, паралимпиячилар иштирокида мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, шунингдек, ижодий учрашувлар ташкил этиш;

«Нуроний» жамғармаси қуйидагиларни амалга оширади:

  • оқсоқоллар, кекса ёшдаги маҳалла фаолларини ёшларни Ватанга муҳаббат, кексаларни эъзозлаш, эзгулик ва раҳмдиллик сингари халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашга йўналтирилган ижтимоий фаолиятга жалб этиш;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ёшларни ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг биринчи навбатдаги эҳтиёжлари қондирилишида ҳар томонлама ёрдам бериш;
  • таниқли кекса ёзувчилар, артистлар, хонандалар, спорт фахрийлари, рассомлар ва ижодкор зиёлиларнинг бошқа вакилларини таклиф этган ҳолда ёшлар ўртасида ижодий кечалар ташкил этиш.

2022 йил 1 июлдан бошлаб тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари ҳисобида турган 10−35 ёшдаги ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда фуқароларнинг мурожаатига кўра ногиронлик гуруҳи белгиланган спортчилар ҳақидаги маълумотлар ҳар чоракда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига тақдим этилади.

2023 йил 1 январдан бошлаб тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари хулосалари асосида ногиронлик гуруҳи белгиланган барча 10−35 ёшдаги шахсларнинг электрон маълумотлари ҳар чоракда Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига юборилади.

Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси тиббий-ижтимоий эксперт комиссиялари хулосалари асосида ногиронлик гуруҳи белгиланган 10−35 ёшдаги шахсларни паралимпия спорт турларига йўналтириш бўйича тизимли ишларни амалга ошириб боради.

ХТВ ва ССВ таркибидаги имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар), «Нурли маскан» ихтисослаштирилган мактаб-интернатлари, шунингдек, ногиронлиги бўлган болалар учун «Мурувват» интернат уйларида паралимпия спорт турлари, шу жумладан, парастол тенниси, парадзюдо, голбол, 5×5 футбол, параенгил атлетика, бочча, парапауэрлифтинг, парақиличбозлик спорт турларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади ҳамда уларни зарурий спорт жиҳозлари ва формалари билан таъминлайди.

Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларнинг таълим олган муассасаларида «Матонатли спортчиларимиз — фахримиз» хоналарини ташкил этади.