Президентнинг 6 июндаги «Олий спорт маҳорати институти фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни президент сайтида эълон қилинди.

Унда Ўзбекистонда Олий спорт маҳорати институти фаолияти ташкил этилгани, институт давлат олий таълим муассасаси шаклида бўлиши ва профессионал таълим тизимини тамомлаган битирувчилар 3 йил ўқиши маълумот ўрнида қайд этилган.

Институтга олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича миллий терма жамоа аъзоси бўлган ёшларни уларнинг спорт натижаларига қараб ҳамда селекция бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинади. Институт Спортни ривожлантириш вазирлиги тизимига киради.

Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг Институтни Самарқанд шаҳри, Ибн Сино кўчаси, 17а-уй манзили бўйича жойлаштириш ҳақидаги таклифига розилик берилди.

Институтда ўқув жараёни 2023/2024 ўқув йилидан бошланади. Қабул Олимпия ва Паралимпия коллежлари битирувчиларининг спорт натижалари (қоида тариқасида аъло ва яхши баҳоларга эга бўлган иқтидорли ўқувчи-спортчилар) асосида амалга оширилади. Институтга талабаларни қабул қилиш шаффоф ва очиқ танлов асосида ўтказилади.

Институтга талабаларни қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Институтга талабаларни қабул қилиш параметрлари давлат буюртмаси сифатида ҳар бир спорт турининг хусусиятидан (вазн тоифаси, спортчилар сони, шу жумладан, спортчи-аёллар сони, жамоавий спорт турлари бўйича тегишли спорт турида иштирок этадиган спортчилар сони ва бошқалар) келиб чиқиб, ҳудудларда иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) махсус спорт тизимини бошқариш платформасида шаклланган Олимпия ва Паралимпия коллежлари битирувчиларининг спорт натижалари асосида шакллантирилади.

Институт битирувчиларига танланган спорт тури бўйича «тренер», «ҳакам», «селекционер» ва бошқа мутахассисликлар берилади. Институт битирувчиларига Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган давлат намунасидаги диплом берилади.

Институт талабалари спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига мувофиқ ўтказиладиган республика мусобақаларида тўғридан-тўғри иштирок этади.

Институт талабаларини яшаш учун жиҳозлар, суткалик озиқ-овқат нормаси билан таъминлашда Олимпия ва Паралимпия коллежларининг нормативлари татбиқ этилади.

Институтнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • таълимнинг замонавий инновацион технологияларини жорий қилган ҳолда ва илғор хорижий тажрибани инобатга олиб жисмоний тарбия ва спорт соҳасида юқори малакали кадрларни тайёрлаш, жумладан, Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси ҳамда Ўзбекистон спорт устаси, шунингдек, Ўзбекистон спорт усталигига номзод спортчиларни тайёрлаш;
  • жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган янги таълим дастурларини ҳамда ўқув машғулотларининг инновацион шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;
  • талабаларнинг касбий мойиллиги, маҳорати ва кўникмаларини чуқур ривожлантириш;
  • талабаларнинг республика ва халқаро мусобақаларда иштирокини таъминлаш, бу борада спорт захираси ва миллий терма жамоалар таркибини шакллантиришда иштирок этиш;
  • спорт соҳасига йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва илмий ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш;
  • таълим ва илмий фаолиятнинг ишлаб чиқариш билан узвий интеграциялашуви учун шарт-шароитлар яратиш;
  • истиқболли битирувчи спортчиларни чет эл спорт ва илмий-тадқиқот муассасаларига ўқишга юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш;
  • замонавий таълим технологияларига асосланган ўқув жараёнларини жорий қилиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси учун кадрлар тайёрлаш тизими ҳамда очиқ ахборот-таълим муҳитини ривожлантиришга кўмаклашиш.

Институтга қуйидаги ҳуқуқлар берилмоқда:

  • таълим жараёнининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўқув режалари ва ўқув дастурларини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;
  • ўқув режаларидаги назарий таълим улушини қисқартириш ҳисобига амалий машғулотлар ҳажмини ошириш;
  • профессор-ўқитувчилар ўқув юкламасини мустақил меъёрлаштириш, шунингдек, тренерлар ва педагог ходимлар томонидан ўқув-методик, илмий-тадқиқот ишлари олиб борилишини, «устоз-шогирд» анъаналари жорий қилинишини рағбатлантириб бориш.

Эслатиб ўтамиз, Олий спорт маҳорати институтини ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида илк бор президенти 2021 йил 5 ноябрдаги [ПҚ-5279-сон] қарорида маълум қилинганди.

Жорий йилнинг март ойи бошларида президентга тақдим этилган Олимпия шаҳарчаси лойиҳасида мусобақалардан ташқари вақтда шаҳарча ўқув-машғулот базаси бўлиб хизмат қилиши, у ерда Олий спорт маҳорати институти фаолият олиб бориши таъкидланганди.