Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг «Ғўза биотехнологияси» лабораториясида оч ва тўқ қўнғир, қизғиш, сарғиш, оч яшил, тўқ яшил ва бошқа рангдаги ғўза навлари бўйича тажрибалар ўтказилмоқда, деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Ушбу йўналишни ривожлантириш нафақат қишлоқ хўжалиги иқтисодий самарадорлигини, балки экспорт салоҳиятини ҳам оширишга ёрдам беради, деган фикрда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги.

Қайд этилишича, XX асрнинг 50−60-йилларида табиий рангли толали ғўза навларини маданийлаштириш устида кенг тадқиқотлар олиб борилган. Лекин кимё саноати ривожланиши натижасида турли юқори сифатли бўёқлар яратилиб, бу турдаги пахталарга бўлган талаб йўқолиб кетган.


Тўқимачилик саноатида пахта толаларига кимёвий ишлов бериш катта миқдорда сув, энергия, кимёвий ва бошқа тегишли ресурслардан фойдаланишни талаб қилади. Сўнгги йилларда дунёда истеъмолчилар талабларининг ўзгариши сабабли экологик тоза ва органик тўқимачилик ишлаб чиқариш тенденсияси кузатилмоқда, дейилади хабарда.

Табиий рангли пахта толасига эга ғўза навларининг тола сифати бирмунча пастлигига қарамасдан уларнинг биотик ва абиотик стрессларга, хусусан, зараркунанда ҳашаротларга, турли касалликларга, шўрга ва қурғоқчиликка чидамлилик хусусиятлари юқори, дейилади вазирлик баёнотида.


Шунга кўра, уларни етиштиришда атроф-муҳитга зарар етказадиган пестицидлар ва инсектицидларга (бегона ўтлар, ҳашаротлар зараркунандалари ва ўсимлик паразитларига қарши курашиш учун препаратлар) камроқ эҳтиёж сезилади. Бу эса ўз навбатида органик пахта етиштириш имкониятини оширади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шунингдек, табиий рангдаги пахта толаси сифатининг паст эканлиги боис, асосий тола сифати кўрсаткичлари, хусусан тола узунлиги, пишиқлиги ва микронейрини яхшилаш (ҳаво ўтказувчанлик кўрсаткичи) ҳамда ҳосилдорлигини ошириш бўйича селеционерлар томонидан кўплаб тадқиқотлар амалга оширилаётганини маълум қилди.