Тошкент вилоятида транспорт воситасини жарима майдончасига қўйиш учун олиб кетилаётганда ён ўриндиқда ўтирган ҳайдовчи ўзини машинадан ташлаб юборди. ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, воқеа 20 май куни Оҳангарон туманида содир бўлган. ЙПХ инспектори томонидан «ВАЗ-2121» русумли автоулов тўхтатилиб, ҳайдовчи 1995 й.т. Ғ.Ш.нинг автотранспорт бошқариш учун ҳужжатлари йўқлиги аниқланган.

Ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 135-моддаси 1-қисми (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) билан электрон маъмурий баённома расмийлаштирилган.

«Автотранспорт воситасини вақтинчалик жарима майдонига жойлаштириш учун ЙПХ инспектори бошқарувида ҳаракатланиб кетаётганида олд ўриндиқда ўтирган фуқаро Ғ.Ш. автотранспорт эшигини очиб, ўзини автомашинадан ташлаб юборган», — дейилади хабарда.

ЙПХ инспекторлари томонидан фуқаро Ғ.Ш.га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиб, Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига етказилган. Ҳайдовчига «бош мия очиқ жароҳати, бош мияга қон қуйилиши оғир ҳолати, бош мия силжиши» ташхиси қўйилган.

6 июнь куни соат 23:00 ларда фуқаро Ғ.Ш. Тошкент шахрида жойлашган 39-сонли шифохонада кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган, дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилмоқда.

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Ижтимоий тармоқ фаолларидан ҳолат тўлиқ ўрганилиб, вазиятга ҳуқуқий баҳо берилмагунга қадар, ёлғон маълумотларни тарқатмасликни сўраган.