1 июнь санасидан бошлаб, хорижий давлатлар транспорт воситаларига Туркманистон ҳудуди орқали транзит юк ташувларини амалга оширишга рухсат этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Йўналиш Ўзбекистон билан чегарадаги Фарап (Олот ўтказиш пункти) ва Эрон билан чегарадаги Сарахс ўтказиш пунктлари орқали ўтади.


Юк машиналари Туркманистон орқали Ўзбекистон ва Эрон чегараларидан 1 км узоқликда ташкил этиладиган автоколоннада ҳаракатланиши керак. У эрталаб соат 8:00 дан бошлаб шакллана бошлайди.

Автоколонна йўл полицияси махсус машиналари кузатуви остида ҳаракатланади. Ҳаракат давомида ҳайдовчиларга тўхташ ва автотранспорт воситаси кабинасидан чиқиш тақиқланади.

Ҳайдовчиларнинг дам олиши, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, ёнилғи қуйиш, зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олиш учун махсус белгиланган автотураргоҳларда тўхташ назарда тутилган.

Ҳаракат давомида носозлик ёки бошқа муаммо юзага келган тақдирда тегишли транспорт воситаси жамланмадан ажратилади. Бундай вазиятда ички ишлар органлари ҳодимлари Туркманистон автомобиль транспорти агентлиги билан биргаликда юзага келган муаммони ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатади.

Туркманистон ҳудуди орқали транзит ўтиш учун бир қатор бошқа талаб ва шартларга ҳам риоя қилиш керак:

  • хорижий давлатлар транспорт воситалари ҳайдовчилари Туркманистон давлат чегарасини кесиб ўтишда транзит ташувини амалга ошириш жараёнини расмийлаштириш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни махсус санитар ишловдан ўтказиш учун тақдим этишлари шарт;
  • белгиланган тартибда автотранспорт воситалари санитар тозалашдан ўтказилади;
  • чегарадан ўтишда ПЗР усули билан CОVID-19`га тест синовидан ўтганлиги ҳақида маълумотнома (давлат чегарасидан ўтишдан олдин камида 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда), коронавирусга қарши эмланганлик тўғрисидаги сертификат (охирги эмлаш санасидан 42 кундан кам бўлмаган муддатда) тақдим этилиши шарт;
  • назорат-ўтказиш пунктида COVID-19 учун экспресс-тестдан ўтиш.