Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
«Одамларга болалигини
ҳадя қиламиз»
Хўрозқандларни ким тайёрлайди?
Тошкентнинг йирик бозорларида, гавжум жойларда оломоннинг шовқини орасидан аёл кишининг баланд овози эшитилади: «Қадимий хўрозқандлар. Болаларингизни хурсанд қиладиган ширинликлар ҳали ҳам бор». «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам «киндер» даврида ким ва нима учун хўрозқандларни тайёрлашда давом этаётганини ўрганди.
Тошкентнинг йирик бозорларида, гавжум жойларда оломоннинг шовқини орасидан аёл кишининг баланд овози эшитилади: «Қадимий хўрозқандлар. Болаларингизни хурсанд қиладиган ширинликлар ҳали ҳам бор». «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам «киндер» даврида ким ва нима учун хўрозқандларни тайёрлашда давом этаётганини ўрганди.
Отам бизга: ширинлик сотган киши одамларга хурсандчилик ҳадя этаётган бўлади, деб айтарди.
Дилфуза Мадраҳимова 15 йилдан буён хўрозқандлар тайёрлайди. Рецепт жуда оддий: шакар, сув, бўёқ ва лимон кислотаси.

«Хўрозқандларимнинг ичи бекорга ғовак эмас, менинг меҳрим билан тўлдирилган», — дейди Дилфуза опа «хўрозлар» нинг асосий сирини очар экан.

Қандолатчига қўйиладиган талаблар анча жиддийроқ — у чаққон, эътиборли ва зеҳнли бўлиши керак. Буни унга отаси болалигиданоқ ўргатган, Дилфуза опа ёшлигидан отасига уйда пахтақанд тайёрлаб, она шаҳри Марғилонда сотишга ёрдам берган.
«Яратган отамни 8 та фарзанд билан сийлаган. Улғайгунимизга қадар марғилонликларни пахтақанд билан сийладик. Отамнинг маслаҳати билан қандолатчиликнинг бошқа турларида ҳам ўзимизни синаб кўрдик. Элимиз суйиб истеъмол қиладиган ҳолвақандни ҳам тайёрладик, сотдик. Отам бизга ширинлик сотган инсон одамларга хурсандчилик хадя этаётган бўлади деб айтарди. Ҳақ гап!», — дея эслайди Дилфуза опа.
реклама
реклама
Дилфуза опа 2006 йилда акасидан хўрозқанд тайёрлашни ўрганди. Аммо ҳали ушбу бизнесни ривожлантириш учун унда махсус қолиплар ва етарли пули йўқ эди. Аввалига 100 га яқин хўрозқанд қолипини қарзга олган аёлга қанд қуйиш ва сотишда ўғли Омонбой Мўйдинов кўмаклашади. Турли хил хўрозқандли арава биринчи марта Марғилондаги бозорга, кейинроқ Фарғона вилоятидаги бозорларга ҳам ширинлик олиб боради. Орадан бир йил ўтиб, қандолатчи 6 хилдаги янги қолипларни харид қилади ва айиқ, қизалоқ, олмахон, сўрғич ва турли гулли шаклдаги қандларни ҳам тайёрлай бошлайди.
2015 йилда Дилфуза Мадраҳимова акасининг таклифи билан Тошкентга кўчиб келади. Ўшандан буён пойтахтнинг Бек-барака, Абу Сахий, Қўйлиқ, Чилонзор, Юнусобод ва Эко бозорларидан тушадиган буюртмалар бўйича хўрозқандлар тайёрлаб келмоқда.

«Водийда ҳам, пойтахтда ҳам маҳсулотларимни аравага солиб, бозор бўйлаб юриб сотганман. Одамлар орасида қанча юрсам, хўрозқандларимни шунча одам кўради ва маҳсулотим тезроқ сотилади. Ҳозир 7 та сотувчим бор. Камдан-кам ҳолатларда, яъни хўрозқанд тайёрлашдан қолган бўш вақтларимда ўзим савдога чиқаман», — дейди Дилфуза опа.

У хўрозқанд сотиб келган 15 йил давомида одамларнинг ушбу ширинликларга муносабати ўзгарган. Дилфуза опанинг таъкидлашича, 2007 йилдан 2015 йилгача харидорларнинг 80 фоизи болалар эди. Катта ёшдагилар аравача олдида тўхтаб, ўғиллари ва қизларининг илтимосига биноан «хўрозлар» сотиб олишарди. Бир вақтнинг ўзида тўққиз-ўнталаб сотиб олишган. Дилфуза опа бунга хўрозқандлар ҳамёнбоп эканлиги, бу, айниқса, кўп болали оилалар учун қўл келганлигини қайд этади. Катталар ҳам, болалар ҳам хўрозқандлар газета ёки қоғозга ўралганига қарамай, гигиеник жиҳатдан қай даражада яроқли эканлиги ҳақида умуман сўрамас эди.
Қандолатчининг сўзларига кўра, сўнгги саккиз йил ичида одамлар хўрозқандларнинг ташқи кўринишига жиддийроқ эътибор берадиган бўлишган: улар тез-тез ширинликнинг янгилиги, яроқлилик муддати ҳақида сўрашади ва қадоқланишига ҳам эътибор беришади. Кўпи билан бир харидор беш дона, одатда эса икки ёки учта хўрозқанд олади. Ҳозирда Дилфуза опанинг аксарият мижозлари кекса ёки ўрта ёшдаги эркак ва аёллар бўлиб, улар болаликдаги севимли ширинликларини кўриб, ҳайратга тушадилар.

«Бугунги кунда болаларни хурсанд қилиш учун ширинликлар талайгина. Ҳозир болалар кўпроқ турли хилдаги шоколадлар, киндер-сюрприз ва жимжимадор пакетларга солинган ҳар хил ширинликларга қизиқади», — дейди қандолатчи хўрозқандларга талаб пасайганлигининг сабаблари ҳақида ўйлар экан.

У қўлбола ширинликларга қизиқишни яна тиклашни хоҳлашини айтади. «Бозорда махсулотимизга қанча кўп талаб бўлса, биз етказиб беришга доим тайёрмиз», — дейди Дилфуза опа.
Қўйлиқ деҳқон бозорининг одамлар тез-тез ўтиб турадиган жойида камтарона кийиниб, фартук тақиб олган, гапга чечан аёлнинг ўткир овозини эшитасиз: «Қадимий хўрозқандларимиз бор. Турли шаклдагисини сотиб олаверасиз. Болаларингизни хурсанд қиладиган ширинликлар ҳали ҳам бор».

Харидорларни жалб қилиш учун айтилган бу жумлалар бир нафасда 2-3 бор такрорланади. Кичик аравача устига ўттизга яқин олмақанд, қирқ-элликта хўрозқандлар териб қўйилган.

Робия Қаюмова йигирма йилдан буён хўрозқанд сотади. Унинг хавотир билан таъкидлашича, сўнгги ўн йилларда одамлар, айниқса болалар хўрозқандларни деярли унутган.
«Ўйлашимча, ҳозир ҳеч ким фарзандига бозордан хўрозқанд олиб қайтишини ваъда қилмайди. Болаларнинг ўзлари ҳам сўрамайди», — дейди Робия хола.

Ширинликларни сотиб оладиганлар кўпинча ҳайратда ва таажжубда бўлади. Кимдир «Ия, ҳозирги хўрозқандлар нега бунча катта?» деб ҳайратланса, яна кимдир «Ҳақиқийми, ҳали ҳам шундай нарсалар борми?» деб сўрайди.
реклама
реклама
«Энг ачинарлиси, кўп ҳолларда болакайлар хўрозқандларим ёнида тўхтаб, отаси ёки онасига юзланиб: “Бу нима, еб бўладими? Олиб беринг” дейди. Мен: “Бу бир оёқли парранда” дея хазил қиламан», — айтиб беради Робия хола.

Робия хола биринчи маротаба Бек-барака бозорида сотиш учун 30-40 та хўрозқанд олиб чиқади. Аммо одамлардан уялиб, хўрозқандларини уйига қайтариб олиб кетади. Лекин вақт ўтиб ишлар юришиб кетади. У Қўйлиқ деҳқон бозори, Юнусобод ва Фарҳод бозорлари ҳамда Авиасозлар (Кадишева) бозорига ҳам қанд олиб чиқишни бошлайди.

«Бозордаги хўрозқанд сотувчиларининг ҳеч бирига рақобатчи сифатида қарамайман. Ахир бозор ҳамманики. Насибаси бор одам ризқини олаверади. Агар харидорнинг ризқи менда бўлса, менинг маҳсулотимни, ризқи бошқага ёзилган бўлса, ўша сотувчининг қандларини сотиб олаверади. Карвон кўп, ризқи бўлак. Жуда миллион эмас-ку, уч-тўрт сўм пул бўлса ҳам ҳалол топяпман деб умид қиламан. Энг муҳими, ҳар савдодан кейин уйимга 4 та нон олиб киришим. Ҳаммасига шукур қиламан», — дейди жилмайиб аёл.
Робия Қаюмова 3 йил аввал ҳам хўрозқандлар тўлдирилган арава билан бозорни айланиб, сотувчилик қилар эди. Одамлар гавжум жойларда ўз маҳсулотларини баралла овоз билан таклиф қиларди. Бу ҳақда гапириб бераётганда, унинг овози ғамгин эшитилади.

«Агар куни бўйи юриб савдо қиладиган бўлсам, кечга бориб оёғим, белим оғрийди. Тез чарчаб, сувсаб қоламан. Шунинг учун ҳам бугунги кунда фақат Қўйлиқ деҳқон бозорида, кўриб турганингиздек стулчада ўтириб сотяпман. Менга қолса...», — Робия хола негадир гапини тугалламайди ва яна табассум билан: «Касалликнинг ҳам борига шукур» деб жилмайиб қўяди. Ва яна бир оёқли паррандаларига харидор жалб қилишда давом этади. «Ҳой, опа, хўрозқанд, олмақанд олиб кетинг. Арзимаган пулга, фарзандингизни кўп хурсанд қиласиз!».

Бозордаги аравакаш, харидор, сотувчи, талаба ва бошқа йўловчиларнинг аксарияти сотувчининг маҳсулотига қизиқиб, ҳатто қўлига олиб кўради, нархини сўрайди. Аммо харид қилмай, яна йўлида давом этади. Баъзан эса кексалар ўтмишини эслаб, болалиги ҳақида узоқ сўзлайди. Бундай ҳолатларда Робия хола қарияларга 2-3 та хўрозқандларини шунчаки бериб юборади. Пул олмайди.

«Мен унга хўрозқандимни эмас, ўзининг болалигини ҳадя қилиб юбордим. Одамдан кичик бўлса ҳам яхшилик қолиши керак», — деб насиҳат қилади юмшоқ оҳангда.

«Ҳайит кунлари тонгда Қўйлиқ ота масжидига чиқаман. Хўрозқандларимнинг ҳаммаси сотилиб кетади. Мана шу анъана бугунга қадар сақланиб қолганидан хурсандман. Шу сабабли ҳам ҳар гал Ҳайит байрамини ҳафта-кун санаб кутаман», — дейди Робия хола.
Жазирама ёз кунларида хўрозқанд сотувчилари учун мавсум якунланади. Буюртмалар ва сотувлар сони камайишни бошлайди. Кунига 500 тадан қўпроқ қанд қуядиган Дилфуза Мадраҳимова сентябргача 70-100 тагина хўрозқанд тайёрлашга ўтади.

«Бизнинг мавсум, асосан, қиш фасли. Сентябрдан июнь ойига қадар кунига 500-700 та хўрозқандга буюртма оламан. Чунки ҳаво салқин ва совуқ кунлари хўрозқандлар сифатини йўқотмайди, эриб кетмайди. Қиш кунларида одамлар, музқаймоқ ва морcнинг ўрнига хўрозқанд сотиб олади», — дейди Дилфуза опа.

Бозорда Дилфуза опанинг учта кичкина хўрозқанди ўн минг сўм туради, битта катта «хўроз» — беш минг сўм.

«Мен қизил, сариқ ва яшил рангларда қанд тайёрлайман. Қизил ёрқин, шунингдек қадимдан хўрозқандлар қизил бўлгани учун шу рангдаги қандларни одамлар кўпроқ сотиб олишади. Ейишга қулай бўлганлиги учун ҳам кичик сўрғич ва гул шаклидаги қандларим харидоргир. Хўрозқандлар болаларнинг томоғига ҳеч қандай зарар етказмайди. Қайтангга, болалардаги бронхит касалликларига шифо бўлади», — дейди Дилфуза опа.
Дилфуза Мадраҳимова тадбиркорлик билан шуғулланиш учун рухсатнома олиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган. Шу вақтгача СЕС, ўт ўчирувчилар ва солиқдагилар унинг бизнесига аралашмаганини, безовта қилмаслигини айтади.

Тадбиркор аёл бизнесига янгилик киритиш мақсадида. У попкорн тайёрлаш қурилмасини сотиб олган ва уни маҳсулотлари қаторига қўшишни кутмоқда. Дилфуза опа пахтақанд тайёрлашни тиклаш ҳақида ҳам орзу қилади. Бунинг учун унга пахтақанд тайёрлайдиган қурилма кераклигини айтади.
Матн ва фотосуратлар муаллифи Мадина Аъзам.
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг