9 ой давомида Ўзбекистонда уяли алоқа абонентлари сони 2,4 миллион нафарга кўпайди, дея хабар берди Давлат статистика қўмитаси.

1 апрель ҳолатига кўра, мобил алоқа операторлари хизматларига 29,91 миллион абонент уланган. Бу бир йил олдингига нисбатан 11 фоизга кўп — ўшанда уларнинг сони деярли 27 миллионни ташкил этган.

Охирги марта Статистика қўмитаси 2021 йил июль ойи учун фойдаланувчилар сони ҳақидаги маълумотларни эълон қилиб, уни 27,5 миллион киши деб баҳолаган эди. Ўшандан бери бу кўрсаткич 8,7 фоизга ошган.

Расмий маълумотларга кўра, 1 апрель ҳолати бўйича Ўзбекистон аҳолиси 35,43 миллион кишини ташкил қилган. Шундай қилиб, ҳар 100 кишига 84,4 абонент тўғри келади (шу жумладан корпоратив обуначилар, улар ҳақида маълумот берилмаган).

Қўмита маълумотларига кўра, энг кўп уяли алоқа фойдаланувчилари пойтахтда рўйхатга олинган — 6,67 миллион киши ёки умумий абонентларнинг 22,3 фоизи (гарчи пойтахт аҳолисининг расмий сони 3 миллионга етмаган бўлса ҳам). Кейинги ўринларда 3,09 миллион абонент (10 фоиз) билан Фарғона ва 2,84 миллион (9,5 фоиз) абонент билан Самарқанд жойлашган.

Omdia таҳлилчилари обуначилар сони бўйича муқобил маълумотларни тақдим этишганди. Уларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда 19,2 миллион мобил алоқа фойдаланувчилари бўлган.

Йил бошида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги 2021 йилда мобил интернетдан фойдаланувчилар сони қарийб учдан бирга ошгани ҳақида хабар берганди. Агар 2020 йил охирида у 19 миллионни ташкил этган бўлса, бир йил ўтиб ундан 25,3 миллион киши фойдаланган.