5 июнь куни Қозоғистонда Конституцияни ислоҳ қилиш бўйича республика референдуми ўз ниҳоясига етди. Қозоғистон Марказий сайлов комиссия душанба куни эрталаб сайлов якунлари бўйича онлайн брифинг ўтказди.

«6 июнь 08:00 ҳолатига мамлакатнинг барча ҳудудлари ва хориждаги 10 012 та сайлов участкаларида овозларни санаб чиқиш якунланди. Конституциявий ўзгартишлар бўйича овоз бериш умуммиллий характерга эга бўлди», — деди Қозоғистон МСК раиси Нурлан Абдиров.

Нурлан Абдиров.

Унинг сўзларига кўра, Конституцияга мувофиқ, референдумда сайловчиларнинг 86,06 фоизи — 7 986 293 нафар фуқаро овоз беришда қатнашганлиги боис сайловни ўтган деб ҳисоблаш мумкин. Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг жами сони эса — 11 734 642 нафарни ташкил этади.

Комиссия шунингдек, референдумнинг тахминий натижаларини эълон қилди:

  • 77,18 фоиз сайловчи Конституцияга ўзгартириш киритишни маъқуллаган;
  • 18,66 фоиз сайловчи эса бунга қарши чиққан.

Бундан ташқари, бюллетенларнинг 2,58 фоизи ҳақиқий эмас деб эълон қилинди. Овозларни санаб чиқишда бюллетенларнинг 1,58 фоизи ҳисобга олинмади.

Бюллетенда атиги битта савол бор эди: «Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасида белгиланган (референдумга жами 56 та ўзгартиш киритилади) Қозоғистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчаларни қабул қиласизми?

Қонунчиликка кўра, ҳудудий сайлов комиссиялари овозлар саналганидан кейин икки кун ичида ҳар бир минтақа учун асл протоколларни топширишлари шарт. Шундан сўнг республика референдуми натижалари Марказий қўмита йиғилишида аниқланади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси Раиси Зайниддин Низамходжаев бошчилигидаги миссия вакиллари референдумнинг боришини кузатиш мақсадида Нур-Султон шаҳрида бўлиб туришибди.

Қозоғистондаги референдумни 11 та халқаро ташкилотдан 209 нафар, 25 та давлатдан 63 нафар ҳамда 11 та сайлов ташкилотидан 200 нафардан ортиқ кузатувчилар бевосита кузатиб бормоқда.