Грузиянинг Тбилиси шаҳрида дзюдо бўйича «Катта дубулға» мусобақаси ўз якунига етди, унда ўзбекистонлик атлетлар битта кумуш ва тўртта бронза медалига эга бўлди, деб хабар берди МОҚ.

+100 кг вазн тоифасида Алишер Юсупов финалда грузиялик Гела Заалашвилига имкониятни бой берди ва кумуш медални қўлга киритди. Ўз навбатида, Алишер Юсупов қимматли 700 рейтинг очкосига эга бўлди, деб хабар берди Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати.

Шунингдек, -100 кг вазн тоифасида Отабек Тўрабоев, +100 кг вазн тоифасидаги бошқа бир ўзбекистонлик Шоҳруҳ Бахтиёров, -81 кгда Шарофиддин Болтабоев ва -73 кгда Муроджон Йўлдошев бронза медалларига сазовор бўлишди.

Бронза медали учун ҳар бир спортчи 500 тадан қимматли рейтинг очкосига эга бўлди.

Мусобақада жами 36 давлатдан 278 нафар — 173 нафар эркак ва 105 нафар аёл спортчи иштирок этди.