Тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойида боланинг ўлими билан боғлиқ навбатдаги фожиа Самарқанд вилоятида юз берди.

Вилоят ИИБнинг 5 июнь куни берган маълумотларига кўра, 31 май куни Оқдарё туманида «Nexia 3» русумли автомашина 15 ёшли синглиси билан йўлни кесиб ўтаётган 4 ёшли қизчани уриб юборган. Қизча йўлдан югуриб ўтишга қарор қилган, опаси эса синглисининг қўлидан ушлаб қолишга улгурмаган. Машина эса катта тезликда ҳаракатланаётган бўлган.


Ҳайдовчи қизларни шифохонага олиб борган. Оғир тан жароҳатлари олган қизалоқ Оқдарё тумани тиббиёт бирлашмасига ётқизилган ва шу ерда вафот этган. Ҳайдовчининг ўзи эса қочиб кетган.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари ҳайдовчини топишган. Вилоят ИИБ матбуот хизматига берган интервьюсида ҳайдовчи кўз ёшларини тўккан ҳолда, нима қилишни билмагани учун қўрқиб қочиб кетганини айтиб берди. Унинг таъкидлашича, ўзининг ҳам кичкина қизи бор ва бўлган воқеани у ҳеч қачон унута олмайди.


Сўнгги йиллардаги анъанага кўра, ҳудудий йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан маҳаллада йиғилиш ўтказилиб, унга марҳум қизнинг ота-онаси, маҳалла аҳли, раҳбарлар таклиф этилди.

Муҳокамада иштирок этган бошқарма раҳбарияти маҳалла аҳли, марҳумнинг яқин қариндошлари йўллардаги бу каби аянчли ҳолатларни «кескин коралади», дейилади ИИБнинг видеорепортажида. Йиғилишда йўлларда ҳаракатланганда жуда ҳам эътиборли бўлиш лозимлиги таъкидланди. Қолаверса, видеода марҳумнинг онасидан интервью олиниб, унинг қанчалик эзилгани кўрсатилган.


Репортажда қайд этилишича, автотранспортлар сонининг доимий ортиб бориши эҳтиёткорликни талаб қилади. Йиғилганларга йўл-транспорт ҳодисалари акс эттирилган махсус видеоролик намойиш этилиб, «огоҳликка чорловчи» буклетлар тарқатилган.

Видеода тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан кўплаб мактаб ўқувчилари ўтиши кўриниб турибди. Ўтиш белгисидан ташқари, бу ерда трафикни секинлаштирувчи бирор бошқа усуллардан фойдаланилмаганини кўриш мумкин. Хавфсизлик оролчалари ўрнига — йўлни ажратиб турувчи бетон орасида бир вақтда бир неча киши сиғмайдиган тирқиш қолдирилган.


Ўзбекистон кўчалари ва йўлларида пиёдалар, айниқса, болаларни ҳимоя қилиш бўйича ҳукумат ва ЙҲХХ қарашли бўлган ИИВ жасоратлироқ ва радикалроқ чоралар кўриши кераклиги ҳақида кўп марта ёзгандик. Бироқ, расмийлар бунга журъат қила олмаяпти. Президентнинг февралдаги топшириқлари вазиятга деярли таъсир ҳам қилмади.

Болалар иштирокидаги авариялар сони янада кўпаядиган ёзги таътил вақтидан йўл ҳаракати хавфсизлигини сезиларли даражада яхшилаш учун имкон қадар самаралироқ фойдаланиш керак. Суҳбатлар ва буклетларни тарқатиш вазиятни ўзгартирмайди.