Жорий йилнинг тўрт ойида Ўзбекистоннинг озиқ-овқат импорти ҳажми 48,9 фоизга ошди, дейилади Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида.

Мазкур даврда 1,12 млрд долларга озиқ-овқат маҳсулотлари импорт қилинди, бу ўтган йилнинг январь-апрель ойларига нисбатан 370,2 млн долларга кўпдир.

Умумий импортнинг 74,7 фоизи учта давлат ҳиссасига тўғри келади. Қозоғистон биринчи ўринни сақлаб қолди ва Ўзбекистонга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ўз улушини оширди — 430,3 млн долларга (38,2%), Россия 282,6 млн доллар (25,1 фоиз) билан иккинчи ўринни эгаллади.

Бразилия эса 127,7 млн долларлик озиқ-овқат импорти билан учинчи ўринда қолди. Деярли барча импорт Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хом шакарқамиш — 119,6 млн доллар.

Бундан ташқари, Бразилиядан гўшт импорти ҳам давом этмоқда — тўрт ой давомида импорт ҳажми 4,36 млн долларни ташкил этди (апрелда — 1,52 млн доллар).

Январь-апрель ойларида Қозоғистондан буғдой импорти — $192 млн дан $281,3 млн га (+46,5 фоиз), буғдой уни — $25,1 млн дан $37,5 млн га (+49,7 фоиз), ўсимлик ёғи — $26,2 млн дан $29 млн га (+10,7 фоиз), маргарин ва маргарин маҳсулотлари — $1,3 минг дан $21,1 млн га (16 баравар), гўшт — $4,7 млн дан $17,8 млн га (3,8 марта), арпа — $1,8 млн дан $7,8 млн га (4,3 баравар) ошди.

Россиядан озиқ-овқат етказиб бериш ҳам ошди. Маргарин ва аралаш ёғлар импорти 6 бараварга — 89,7 млн долларга, какао ва шоколад — 29,3 млн долларга ёки 34,1 фоизга, болалар озиқ-овқат маҳсулотлари — 7,8 млн долларга (+53,5 фоиз) ўсди.

Белоруссиядан гўшт импорти 2 бараварга ошиб, 38,9 млн долларга етди, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Покистондан қарийб 5 баробар кўп картошка — 33 млн доллар, мандарин 2,7 баробар кўп — 5,6 млн долларга импорт қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистон Эквадордан 21,4 млн долларга (2 баробар) банан, Туркиядан 5 млн долларга (+94,4 фоиз) маккажўхори импорт қилди.

Буғдой ҳали ҳам умумий озиқ-овқат импортида салмоқли улушни эгалламоқда — 281,4 млн доллар (умумий ҳажмнинг 25%). Хом шакарқамиш импорти 119,6 млн доллар (10,6 фоиз), маргарин ва маргарин маҳсулотлари — 113,3 млн доллар (10,1 фоиз), қорамол гўшти — 66,5 млн доллар (5,9 фоиз), картошка — 46,8 млн (4,2 фоиз), какао ва шоколад — 39,4 млн долларни (3,5%) ташкил этди.

Дунёда озиқ-овқат инқирози билан боғлиқ вазият

Жаҳон банки апрель ойи охирида Украинадаги уруш товар бозорларига қаттиқ зарба бергани, савдо, ишлаб чиқариш ва истеъмолнинг глобал моделларини ўзгартиргани, натижада нархлар 2024 йил охиригача тарихий юқори даражада сақланиб қолиши ҳақида хабар берган эди.

Энергия нархлари 2023 ва 2024 йилларда пасайгунга қадар 2022 йилда 50 фоиздан кўпроқ ўсиши кутилмоқда. 2022 йилда энергетик бўлмаган товарлар, жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва металлар нархларининг қарийб 20 фоизга ошиши прогноз қилинмоқда ва кейинги йилларда секинлашади.

Буғдой нархи 40% дан кўпроқ ўсиши прогноз қилинмоқда ва бу йил номинал кўрсаткичларда рекорд даражада юқори бўлди. Бу, айниқса, Россия ва Украинадан дон импортига боғлиқ бўлган ривожланаётган иқтисодиётларга босим ўтказади. Металл нархи 2022 йилда 16 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда, кейин эса 2023 йилда пасаяди, лекин юқорилигича қолади.

Жорий йил натижаларига кўра, Жаҳон банки таҳлилчилари озиқ-овқат нархларининг 22,9 фоизга ошишини кутмоқдалар, аммо 2023 йилда улар 10,4 фоизга тушиши мумкин. Энг муҳим ўсиш ўсимлик мойлари сегментида кутилмоқда — 29,7%. Ўғитлар нархининг ошиши 69,2 фоизга етиши мумкин, бу эса қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархига таъсир қилади.

Ўзбекистон қандай чоралар кўрмоқда

Озиқ-овқат нархларининг кескин ошишига йўл қўймаслик учун президент 2023 йил 1 январгача 22 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, балиқ, сут маҳсулотлари, сарёғ, тухум, банан, цитрус мевалар, кофе, ўсимлик ёғи ва бошқа маҳсулотлар импортига божхона тўловларини нолга тенглаштирди. Худди шу даврда озиқ-овқатни импорт қилишда божларни оширилган ставкада қўллаш тўхтатиб турилади.

Бундан ташқари, йил охиригача импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркалаш вақтинча тўхтатилади, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг давлат харидларида иштирок этишига қўйилган чеклов бекор қилинади.