Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бразилиянинг шимоли-шарқий ҳудудларида юз берган кучли сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва катта талофатлар кўрилгани муносабати билан мамлакат президенти Жаир Мессиас Болсонаруга ҳамдардлик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Бразилия марказий ахборот агентлигига кўра, мамлакатнинг шимоли-шарқидаги Пернамбуку штатида сурункали давом этган кучли ёмғирлар туфайли камида 128 киши ҳалок бўлган, 11 мингдан ортиқ маҳаллий аҳоли ўз уйларини тарк этган.

Пернамбуку губернатори ёғингарчиликлардан жабр кўрган 82 мингга яқин камбағал аҳоли учун 1500 бразилия реалидан бериш бўйича лойиҳани Қонунчилик палатасига киритган. Губернатор, шунингдек, сув тошқини оқибатида ҳалок бўлган 128 кишининг қарамоғидагиларга энг кам иш ҳақи миқдорида умрбод пенсия тўлаш тўғрисида ҳам қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.