Иштихон ва Нукус туманларида ноқонуний валюта айирбошлаш ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Самарқанд вилояти Иштихон туманида ўтказилган тадбирда фуқаро А.Т. 5 минг долларни фуқаро Н.га 55,5 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Шу каби ҳолат Қорақалпоғистонда ҳам кузатилди. Нукус туманида фуқаро А.С. 2,8 минг долларни 31,2 млн сўмга фуқаро С.га сотган вақтида ушланган. Уларнинг ёнидан чиққан жами 3 минг доллар, 34,8 минг рубл, 10 евро, 100 БАА динари, 5 турк лираси ва 1,2 млн сўм ашёвий далил сифатида олинган.

Департамент хабарига кўра, юқоридаги фуқароларнинг ҳаракатлари бўйича олиб борилган кузатувларда улар доимий равишда валюта қимматликларини қонунга зид равишда айирбошлаш фаолияти билан шуғулланиб келганликлари маълум бўлган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.