Ўзбекистон Бош прокуратурасининг матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов ижтимоий тармоқларда ота ўз қизини ўлдириб қўйганлиги ҳақида тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Аниқланишича, 4 июнь куни Фарғона вилояти Учкўприк тумани, Турғоқ қишлоғида яшовчи фуқаро Қ.Ш. вояга етмаган қизи (2006 й.т., мактаб ўқувчиси) тунги вақтларда «Спарк» автомашинада бир йигит билан яширин равишда учрашувга чиққанлигини билиб қолган.

Ушбу ҳолатдан ғазабланган ота қизини бош қисмига бир неча маротаба урганлиги айтилмоқда. Олган тан жароҳати таъсирида қиз ҳушини йўқотган.

«Ота қизини юзига сув сепиб, ҳушига келтирган ва бошқа ўша йигит билан гаплашиб юрмаслигини тайинлаган. Шундан сўнг, қиз ётоқхонасига кириб кетган ва олинган тан жароҳатлари оқибатида вафот этган», — дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 3-қисми «д» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган. Учкўприк тумани ИИБ ТБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.