Ўзбекистонда тиббиёт ходимларининг фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлик белгилаш таклиф этилмоқда. Тегишли ҳужжат лойиҳаси Бош прокуратура томонидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексини янги 197−7-модда билан қуйидаги мазмунда тўлдириш таклифи илгари сурилган:

«197−7-модда. Тиббиёт ходимининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш. Тиббиёт ходимининг фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш, яъни тиббиёт ходимининг тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилиш, худди шунингдек тиббиёт ходимининг тиббий ёрдам ёки тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қилиш мақсадида ноқонуний топшириқлар бериш — фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 7 бараваригача, мансабдор шахсларга эса — 7 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга ёки 10 беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади».

Бундан ташқари, 283-моддага, яъни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилмайдиган ҳолларга тегишли тартибда ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда.

Бунда 197−7-моддада назарда тутилган ҳолларда тиббиёт ходими маъмурий баённома тузмасдан ўз аризасида ҳуқуқбузарнинг шахси, маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, вақт ва унинг моҳияти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек ишни ҳал этиш учун зарур бўлган бошқа маълумотларни кўрсатган ҳолда судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қолаверса, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги иш мазкур ишни кўриб чиқишга ваколатли орган баённома ва ишга оид бошқа материаллар олинган кундан бошлаб 15 кунлик муддат ичида кўриб чиқади.

«Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги қонунни 41−1-модда билан тўлдириш таклиф қилинди.

«41−1-модда. Тиббий фаолият. Ўзбекистон Республикасида тиббиёт фаолияти тиббиёт ходимлари томонидан тиббий ёрдам ёки тиббий хизматлар кўрсатилиши ёхуд тиббий экспертиза ўтказилишидан иборат фаолиятдир.

Инсон (бемор) саломатлигининг ҳолатини баҳолаш ва унга тиббий таъсир кўрсатиш мақсадида тиббиёт ходими томонидан профилактика қилиш, ташҳис қўйиш, даволаш, реабилитация қилиш ва паллиатив тиббий кўмак кўрсатиш, суд-тиббий экспертизасини ўтказишдан иборат тиббий ёрдам кўрсатилади.

Тиббиёт ходими томонидан профилактика қилиш, ташхис қўйиш, даволаш, реабилитация қилишга қаратилган, шунингдек, ҳомиладорлик ва туғиш вақтида кўрсатиладиган, мустақил якунланган аҳамият ва қиймат хусусиятига эга бўлган ҳаракат ёки ҳаракатлар тиббий хизматни ташкил қилади.

Давлат фуқароларга тиббий ёрдам ва тиббий хизматлар кўрсатилишини кафолатлайди, тиббиёт ходимининг қонуний фаолиятига аралашган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар".

Тегишли ҳужжат бўйича жамоатчилик муҳокамаси 17 июнга қадар давом этади.