Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги «Қўшчинор» маҳалласида номаълум шахс мушукга ўқ узди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган маълумотни пойтахт ИИББ тасдиқлади.

2 июнь куни маҳаллада яшовчи 41 ёшли Малика ички ишлар органларига мурожаат қилган. У профилактика инспекторига 27 май куни кечқурун уй мушугини кўчага сайр қилишга қўйиб юборганини, бир ярим соатдан кейин мушук уйга қайтиб келганида бурни атрофида қон оқаётган яра борлигини айтган.

Эртаси куни қон тўхтамаганидан сўнг, аёл мушукни ветеринария клиникасига олиб борган. Текширув давомида шифокор жароҳатдан кичик металл шарча олиб ташлаган. Бу тахминан пневматик қуролларда ишлатиладиган ўқ ҳисобланади. Ярани даволаб, тикишди. Ҳозир мушук уйда даволанмоқда.

Аёлнинг аризаси асосида Юнусобод тумани ИИБ ходимлари томонидан текширув ўтказилиб, ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланмоқда.

Ижтимоий тармоқларда мазкур маҳаллада ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари содир этилган, бироқ ИИБ хабарига кўра, бу борада ички ишлар органларига ҳеч қандай шикоят келиб тушмаган.

«Агар сизнинг уй ҳайвонингиз ёки яқин атрофдаги кўча ҳайвонлари бошқа бировнинг ҳаракатларидан жабрланган бўлса, илтимос, қонунда белгиланган тартибда ушбу фактлар ҳақида хабар беринг: ҳолатларнинг ҳеч бири эътибордан четда қолмайди ва текширилади», — дейилади пойтахт ИИББ хабарида.