Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги бош директори лавозимига Садиқов Абдушукур Абдужамилевич тайинланди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Агентликнинг аввалги директори Нодиржон Турсунов ушбу лавозимдан озод қилинган.

Абдушукур Садиков бунга қадар 2018 йилдан бери МОҚ қошидаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий маркази директори лавозимида ишлаган.

Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси сайтида берилган маълумотларга кўра, Абдушукур Садиқов Тошкент тиббиёт академиясида ассистент, доцент, сўнгра Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида бош бошқарма бошлиғи ўринбосари ва бошлиғи лавозимларида ишлаган. Кейинчалик, Андижон давлат тиббиёт институти ректори ва вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.

У «Тиббиёт ва спорт» илмий журнали бош муҳаррири, 70 дан ортиқ нашрлар, йўриқномалар, патент ва монографиялар муаллифи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг 2021 йил 30 январдаги қарори билан Абдушукур Садиқовга профессор илмий даражаси берилган.