Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги «Чилонзор» йўналишида ҳаракатланаётган поезд «Олмазор» бекатида тўхтаб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолатга Тошкент метрополитени матбуот хизмати муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, ҳаракатланиб келаётган поезд соат 10:50 лар атрофида электр таъминотидаги қисқа носозлик сабаб «Олмазор» бекатида тўхтаган, йўловчилар эса бекатдан чиқарилган.

«Шу сабаб, „Чилонзор“ йўналишининг қолган бекатларида ҳам поездлар ҳаракати белгиланган режа жадвалидан ўзгарган ҳолда бир томонлама ва кичик ҳалқа жадвали асосида ҳаракатланди», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан мутасаддилар иш олиб боргандан сўнг соат 11:58 да носозлик бартараф этилгани айтилмоқда. Поездлар доимий жадвал асосида ҳаракатланмоқда.