Адлия вазирлиги айни кунларда ижтимоий тармоқларда муҳокамалар марказида бўлаётган «сўм рамзи»нинг плагиатга текширишувдан ўтган ёки йўқлигига муносабат билдирди.

Жума куни Марказий банк миллий валюта — «сўм»нинг рамзий белгисини яратиш бўйича танлов ғолибини элон қилганди. Шундан сўнг, тармоқлар фойдаланувчилари Ўзбекистоннинг расмий белгиси бошқа компанияларнинг логотипига ўхшаб қолганини танқид қилди, кимдир сўм рамзини ғалати деган бўлса, яна кимдир ўз вариантини таклиф қилди.

Адлия вазирлиги Франция «IN-CORE systems» компаниясининг белгисига ўхшаш бўлган белгилар дунёнинг бир қатор давлатларида хусусан, АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Италия, Германия ва Ҳиндистонда ҳам фойдаланиб келинаётганини қайд этди.

Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси территориал (ҳудудий) характерга эга. Бошқача айтганда, интеллектуал мулк объекти маълум бир давлат ҳудудида ҳуқуқий ҳимоядан фойдаланади. Шу жумладан, товар белгиси ҳам тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилганидан сўнг ҳуқуқий муҳофазага эга бўлади.

«Франция In-Core systems» компаниясининг белгиси Ўзбекистонда товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтмаган ва муҳофаза қилинмаган", — дейилади муносабатда.

Келтирилишича, ушбу ҳолатга муаллифлик ҳуқуқи нуқтаи назаридан қаралса, адабий ва бадиий асарларни муҳофаза қилиш тўғрисида Берн конвенцияси ва миллий қонунчиликка мувофиқ муаллифлик ҳуқуқи яратиш факти бўйича юзага келади. Унинг амалга оширилиши учун рўйхатдан ўтказиш ёки бирон-бир бошқа расмиятчиликка риоя этиш талаб қилинмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ расмий рамзлар ва белгилар (байроқлар, герблар, орденлар, пул белгилари ва шу кабилар) муаллифлик ҳуқуқи объектлари ҳисобланмайди.

«Шуни таъкидлаш жоизки, мазкур белгини товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш ва муҳофаза қилиш мақсадида Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинмаган», — дейилади хабарда.

Агар, ушбу белгини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Интеллектуал мулк департаментига мурожаат қилинса, ҳолат экспертлар томонидан тўлиқ ўрганилиб, тегишли тартибда хулоса берилишини қўшимча қилинган.