Тошкент шаҳар ҳокимлиги дарахтлар атрофи зич қилиб бетонлангани ёки асфальт ётқизилаётгани кузатилган ҳолатларда Халқ Назорати хизматига хабар беришни сўради. Бу ҳақда ҳокимлик матбуот хизмати хабар берди.

Бунинг учун шу каби ҳолатлар кузатилганда платформанинг «Жамоат жойи» бўлимига кириш зарур.

Ундан сўнг, «Экология» йўналишидан «Бетонланган дарахт танаси» бандини танлаб, мурожаатни киритиш керак бўлади.

Ҳокимлик маълумотига кўра, 31 май ҳолатига дарахтлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида 268 та хабар келиб тушган.

Шундан 66 таси бетонлаб кетиш ҳолатлари билан боғлиқ. Шундан 61 таси дарахт бетон тутқунлигидан озод қилинган, қолган 5 тасида иш жараёни кетмоқда ва назорат остида.

Пойтахт аҳолиси ва Тошкент шаҳри учун яратилган «Халқ назорати» хизмати 2021 йилнинг 16 февралида ишга туширилгандан буён 9222 нафар фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Уларнинг мурожаатлари бўйича 8377 та муаммо бартараф этилган. Мурожаатларнинг аксарияти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасига тегишли.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 2021 йил 31 декабрдаги фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий муддатсиз даврга узайтирилганди. Қолаверса, жарималар 5 бараварга, табиатга етказилган зарар миқдори эса 2 бараварга оширилди. Шунингдек, дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш тақиқланди.

3 февраль куни Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида (харита) жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилингани ҳақида ёзгандик. Ўшанда Юнусобод туман прокуратураси ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатганди.