Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ аъзоси Максим Шацких Тошкентнинг «Пахтакор» клубида иш бошлади. Бу ҳақда жамоа матбуот хизмати хабар берди.

Клуб ва Шацких ўртасида имзоланган шартномага кўра, у спорт директори лавозимида фаолият кўрсатади. Битим тафсилотлари очиқланмаган.


«Валерий Лобановский қўл остида „Динамо“ Киевда ўйнаган Шацких замонавий футбол билимларини яхши ўзлаштирган. У клубимизга академиядан асосий таркибгача бўлган йўлни иқтидорларнинг тизим асосида босиб ўтишига ёрдамлашади, ёш ва юқори салоҳиятли футболчиларни топишга интилади. Бу борада у ўйнаган „Динамо“ МДҲда етакчилардан бири саналади. Умид қиламизки, Шацких клубимизнинг янги даражага кўтарилиши ва кўплаб совринларга эга чиқишига ўзининг катта ҳиссасини қўшади», дейилади хабарда.

Аввалроқ, Осиё Чемпионлар лигасидаги муваффақиятсизликдан сўнг «Пахтакор» клуби спорт директори Жаъфар Ирисметов ва Собир Ходиев жамоани тарк этган эди. Маълумот ўрнида, Шацких бунгача 2020−2021 йилги мавсумда Россиянинг «Ротор» клубида бош мураббий Александр Хацкевичнинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган.

Максим Шацких «Пахтакор» клуби тарбияланувчиси саналади. У фаолияти давомида Киевнинг «Динамо», «Арсенал» клубларида, Қозоғистоннинг «Локомотив» жамоасида, «Черноморец» ва «Говерла» каби бир қатор клубларда тўп сурган. Шацких Ўзбекистон терма жамоаси сафида 61 учрашувда 34та гол билан энг яхши тўпурар саналади.