Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Божхона бошқармаси ходимлари томонидан Сурхондарё вилояти Денов туманида кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини сотишга уринган шахс ушланди, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, туманда яшовчи «Бобо» исмли шахс катта миқдорда гиёҳвандлик моддасининг ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келган. У «Қорадори-2022» профилактик тадбирига мижоз сифатида кирган 2 нафар ИИВ ходимлари билан ўзида мавжуд 20 кг «опий»ни $140 мингга сотиш бўйича Денов туманидаги кафеларнинг бирида учрашган.

Шундан сўнг Имонов Бобошер (шартли исм-шариф) ўзида 20 кг опий гиёҳвандлик моддаси борлиги ва уни пулни кўргач, ишонч ҳосил қилиб, олиб келиб беришини маълум қилган.

Қайд этилишича, Имонов 26 май куни соат 03:30 ларда Денов тумани ҳудудида гиёҳвандлик моддаларини яшаш уйидан олиб, белгиланган жойга келаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан кўлга олинган. 20 та скотч ўрамга махсус қадоқланган модда ҳодиса жойида очиб кўрилганда, қизғиш рангли ўткир ҳидли «опий» гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддалар экани аниқланган. Ўз навбатида, 20 дона ўрамдаги гиёҳвандлик моддаси далилий ашё тариқасида холислар иштирокида процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан 26 май куни Имомов Бобошерга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда), 273-моддаси 5-қисми (гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш) билан жиноят иши қўзғатилган.