Мўғулистон Ўзбекистон фуқаролари учун 30 кун муддатга визасиз тартибни жорий этди. Бу борадаги келишувга 3 июнь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Мўғулистон ташқи ишлар вазирларининг ўринбосарлари Фурқат Сидиқов ва Батсумбер Мунхжин учрашувида эришилган.

Шу билан бирга учрашувда Ўзбекистон ва Мўғулистон ТИВлари ўртасида 2022−2023 йилларда ҳамкорлик дастури, икки мамлакат транспорт вазирликлари ўртасида ўзаро англашув тўғрисидаги протокол ҳам имзоланди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон билан Мўғулистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлгани қайд этилди. Томонлар сиёсий алоқаларни жадаллаштириш, парламентлараро мулоқотни ривожлантириш, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосини кенгайтириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар алоқаларни кучайтиришдан бирдай манфаатдорлигини таъкидлади.

Музокарада ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш борасида салмоқли салоҳият мавжудлигига ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, биринчи навбатда, мева-сабзавотларнинг Мўғулистон бозорига экспортини орттириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Мўғулистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларининг истиқболлари, шунингдек, Мўғулистон делегациясининг 2022 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари Кенгаши мажлисидаги иштироки масаласи кўриб чиқилди.